12:13 / 23.07.2023
224

Жисмоний шахсларнинг муддати ўтган қарздорликлари ундирилишига доир тавсиялар

Жисмоний шахсларнинг муддати ўтган қарздорликлари ундирилишига доир тавсиялар

Марказий банк бошқаруви томонидан жисмоний шахсларнинг муддати ўтган қарздорликларини ундиришда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга доир тавсиялар тасдиқланди.

Унга кўра, ушбу тавсиялар жисмоний шахсларнинг муддати ўтган қарздорликлари ундирилишига доир қуйидаги мақсадларга эришилишини таъминлаш учун ишлаб чиқилган:

  • кредит ундируви жараёнида кредит ташкилотлари томонидан қарздор-жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишини ҳамда банк сирини ташкил этувчи маълумотларни қонунчиликка зид равишда ошкор этилишининг олдини олиш;
  • муддати ўтган кредит тўловларини ундириш бўйича шартнома ва қонунчиликка зид бўлган хатти-ҳаракатлар амалга оширилишига йўл қўймаслик;
  • кредит ташкилотлари ходимлари томонидан кредит қарздорлигини ундириш жараёнида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш;
  • муддати ўтган кредит қарздорлиги юзага келганда қарздорга нисбатан турли инсофсиз амалиётлар (тинимсиз такрорий қўнғироқлар, қарздорликни тўламаслик оқибатлари тўғрисида нотўғри маълумотлар бериш, қарздорларни бошқа шахслар олдида обрўсизлантириш ва ҳ.к.) қўлланилишининг олдини олишга эришилишини таъминлаш.

Бунда ушбу тавсиялар фуқароларнинг муддати ўтган кредит қарздорлиги юзага келганда кредит ташкилоти томонидан қарздорлар билан боғланиш усуллари, қарздорларга қўнғироқ қилиш ҳамда шахсий учрашувлар бўйича меъёрлар, қарздорларга юбориладиган хабарнома мазмунига қўйилган талаблар, шунингдек, кредит ташкилотлари ва қарздор-жисмоний шахслар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солувчи бошқа тегишли қоидаларни ўз ичига олган.

Хусусан, кредит ташкилотларга қарздорликни қайтариш бўйича ўзаро муносабатларга киришида қуйидагилар тақиқланади:

  • қарздорга ва учинчи шахсларга жисмоний куч ишлатиш ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилиш, жонига қасд қилиш ёки соғлиғига зарар етказиш билан таҳдид қилиш;
  • мол-мулкини йўқ қилиш ёки зарар етказишга, шу турдаги йўқ қилиш ёки зарар етказиш билан таҳдид қилиш;
  • инсонлар ҳаёти ва соғлиғига хавфли бўлган усулларни қўллаш;
  • қарздорга ва учинчи шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи гапларни ишлатиш ёки бошқа ҳаракатларни содир этиш орқали қарздор ёки бошқа шахсларга руҳий босим ўтказиш;
  • қарздорга ёки учинчи шахсларга исталган бошқа ноқонуний зарар етказиш ёки ҳуқуқларини суиистеъмол қилиш.

Кредит ташкилотининг ташаббусига кўра, қуйидаги ҳолларда қарздор билан бевосита ўзаро муносабатларга киришишга йўл қўйилмайди:

  • соат 20:00 дан 8:00 гача бўлган вақтда;
  • ҳафтада бир мартадан ортиқ шахсий учрашувлар;
  • телефон алоқа орқали кунига бир мартадан ортиқ, ҳафтасига икки мартадан, ойига 8 мартадан ортиқ.

Кредит ташкилоти ходими қарздор билан ҳар сафар шахсий учрашув асосида ўзаро муносабатларга киришишда қарздорга кредит ташкилотининг номи ҳамда ташкилот номидан учрашаётганлигини билдирган ҳолда ўзининг исми, фамилияси ва шарифи тўғрисида маълумот бериши лозим.

Кредит ташкилоти томонидан қарздорга электрон алоқа тармоқлари орқали матнли, овозли ва бошқа хабарларни юборишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилмайди:

  • соат 20:00 дан 8:00 гача бўлган вақтда;
  • кунига икки мартадан ортиқ;
  • ҳафтасига тўрт мартадан ортиқ;
  • ойига 16 мартадан ортиқ.

Марказий банк хабарида қайд этилишича, кредит ташкилотлари томонидан мазкур тавсияларни амалиётга жорий қилиниши қарздор-жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг олди олинишига, улар билан ўзаро манфаатдорликка асосланган муносабатларни ташкил этилишига ҳамда фуқароларнинг кредит ташкилотларига нисбатан ишончи ошишига хизмат қилади.

Тавсиялар билан батафсил ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жисмоний шахсларнинг муддати ўтган қарздорликлари ундирилишига доир тавсиялар
ePN