
Фото: Мудофаа вазирлиги
Вазирлар Маҳкамасининг “Таълим муассасаларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарликни ташкиллаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қарор лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилган:
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан ЧҚБТнинг моддий-техник жиҳатдан таъминланиши ва ўқув-моддий базасини барпо этиш ишларини амалга ошириш механизмларини белгилаб бериш;
- ЧҚБТ фани ўқитувчиси лавозимида фаолият юритаётган захирадаги (резервдаги) офицерларга навбатдаги ҳарбий унвон ва малака тоифаси берилиши тартибини белгилаш;
- умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар мактабларида ЧҚБТ фани ўқув дастури соатлари миқдорини таълим соҳасида рўй берган ислоҳотларни инобатга олган ҳолда янгидан белгилаш;
- ЧҚБТ фани ўқув-моддий базаси объектларини ва ЧҚБТ синфи жиҳозлари рўйхатини тасдиқлаш;
- мудофаа ишлари бўлимлари ва таълим муассасаларида ўқув қуролларини (АК-74 ўқув қуроли, ўқув граната ва миналари, ўқув патронлар) сақланиши тартибини белгилаш;
- умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар мактаблари битирувчилари (11-синф ва 2-курс ўғил болалар) билан ҳарбий полигонларда амалий отиш машғулотлари ўтказилишини ташкиллаштириш;
- ЧҚБТ фани ўқитилиши ташкил этилишига оид ҳисобот ҳужжатларини ягона тартибга келтириш ва ушбу йўналишда масъул органлар орасида ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Қайд этилишича, ушбу қарор лойиҳасини амалга ошириш учун бир йилда жами 157,7 млрд сўм талаб этилади.
Жумладан, давлат бюджетидан ЧҚБТ ўқитувчиларига малака тоифаси берилиши муносабати билан базавий лавозим маошларига қўшимча иш ҳақи тўланиши учун 50,6 млрд сўм маблағ сарфланади.
Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 107,1 млрд сўм сарфланади, шундан:
- 67 млрд сўм – таълим муассасаларидаги ЧҚБТ ўқув синфлари жиҳозланишига;
- 12 млрд сўм – таълим муассасалари битирувчилари билан полигонларда ўқотар қуролдан амалий отиш машғулотларини ўтказишга;
- 28,1 млрд сўм – мудофаа ишлари бўлимларидаги қурол сақлаш хоналарини Миллий гвардия техник қўриқлов пунктларига улашга.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар