Бугун, 11 август куни, соат 13:25 да Бухоро шаҳридаги Алпомиш кўчаси муюлишида «Матиз» ағдарилган ва автомашина ичида бўлган одамлар зудлик билан унинг ичидан чиқишган.
«Ҳолат кўз ўнгимизда содир бўлди. «Матиз» русумли автомашина, яъни такси ҳайдовчиси яшил чироқ қоидаларига амал қилмай, қизил чироқ ёнганда, гўёки улгура олишни кўзлаб, йўл ҳаракати қоидасини бузди. Оқибатда автомашина ағдарилиб кетди», — дейди фуқаро Евгений Бондарь.
Такси ҳайдовчисининг эҳтиётсизлиги туфайли катта чорраҳа муюлишида ағдарилиб кетган автомашина салонида бўлган йўловчилар зудлик билан чиқишган ва ўрта ёки оғир жисмоний жароҳат олишмаган.
«Ушбу чорраҳада барча йўл белгилари ўрнатилган ва йўл созлиги таъминланган бўлишига қарамай, ҳайдовчилар томонидан кўп қоидабузарликлар содир этилади. Бироқ, ушбу манзилда тезлик 25-30 дан оширилмайди. Шу боис, ўлим ҳолати юзага келган эмас. Ҳар бир ҳайдовчи, нафақат, ўзининг, балки бошқа йўловчиларнинг ҳаёти учун ҳам жавобгар бўлишини унутмаслиги керак. Ҳолат ўрганилади. Ва йўл қоидасига амал қилмаган ҳайдовчи қонун доирасида ўз ҳатти-ҳаракатлари олдида жавобгар бўлади»,— деди вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот гуруҳи раҳбари Улуғбек Шукуруллаев.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг