16:47 / 14.08.2023
125

Алимент ундирувлари доимий эътиборда

Алимент ундирувлари доимий эътиборда

Алимент ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш Бюро органларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу боис, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ шакллантирилиб, ҳудудий бўлимларга амалий ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этилди. Мақсад бюронинг ҳудудий бўлимлари иш юритувида бўлган ижро ҳужжатларини камайтириш, алимент тўловларини ҳамда  бошқа қарздорликларни ўз вақтида ундирилишини таъминлаш.  Ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили Қумқўрғон тумани бўлди.

Қумқўрғон туманида 2 кунлик тадбир давомида Ишчи гуруҳи томонидан алимент ундирувлари билан боғлиқ 1 минг 548 та ижро ҳужжатлари тўлиқ хатловдан ўтказилди. Ўрганишлар давомида 978 нафар алимент тўловчиларнинг доимий даромад манбаига эга эмаслиги аниқланди.

Алимент ундириш билан боғлиқ ижро ишлари бўйича ишсиз, ёрдамга муҳтож, оғир аҳволга тушиб қолган алимент тўловчи қарздорларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Бандлик ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда қарздор оталарнинг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилиб, 11 нафар алимент тўловчиларнинг бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, икки кунлик тадбир давомида 84 та алимент ижро ҳужжатлари бўйича 435 млн. сўм алимент қарздорликлари ундирилиши таъминланди.

Тадбир давомида Бюро ходимларининг ташаббуси ва кенг жамоатчиликнинг аралашуви билан 8 та оилани ўзаро яраштирилишига эришилди. Хусусан, туманда яшовчи Турғунбек Эсанов турмуш ўртоғи билан ўзаро келишмовчиликлари сабабли ажрим ёқасига келиб қолган эди. Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг жорий йил апрел ойидаги суд буйруғига асосан вояга етмаган 3 нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундирилиши белгиланиб, мажбурий ижрога қаратилган. Соҳа ходимларининг эътибори, Нуронийларнинг панд насиҳати Турғунбек Эсанов фарзанди ва турмуш ўртоғи билан яна бир оила бўлиб яшашга ундади. Бир сўз билан айтганда оила яраштирилди.

Бюронинг туман бўлими биносида ташкил этилган сайёр суд жараёнларида алимент тўлашдан бўйин товлаган қарздор оталарга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар тарафлар иштирокида муҳокама қилинди. Алимент тўловларидан бўйин товлаган 4 нафар қарздор оталарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.


Комил Холмўминов,
Бюронинг Қумқўрғон туман бўлими бошлиғи


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият