Навоий вилояти Табиат ресурслари бошқармаси Ўрмонларни ривожлантириш ва чўлланишга қарши курашиш шуъбаси бош мутахассиси М.Р. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Маълум қилинишича, “Innovatsion Group Navoiy” МЧЖ иш бошқарувчиси Ш.Ҳ. вилоят ИИБ раҳбари номига ариза билан мурожаат қилган. У аризасида МЧЖ томонидан Навоий шаҳрида кўп қаватли турар жой қурилаётгани, экология ходими М.Р. қурилиш ишларини амалга ошириши учун 4 дона тут дарахтини кесиб ташлашга рухсат бериши, шунингдек, фирма раҳбари томонидан олдинроқ кесиб ташланган 3 туп тут дарахтига ҳисобланган 92,4 млн сўм табиатга етказилган зарарни ундирмаслик эвазига 163 млн сўм талаб қилганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
28 август куни М.Р. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аризачидан келишилган пулни олган вақтида ушланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!