2023 йил январ-август ойларида 308 млн 845 минг метр куб табиий газ ва 197 млн 623 минг киловатт-соат электр энергияси талон-торож қилинган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълумот берди.
«Ўзенергоинспекция» томонидан ўтказилган назорат тадбирларида 6 минг 305 ҳолатда истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди», дейилади хабарда.
Қайд қилинишича, 8 ой давомида 308 млн 845 минг метр куб табиий газ (286 млрд 291 млн сўм) ва 197 млн 623 минг киловатт-соат электр энергияси (103 млрд 894 млн сўм) талон-торож қилинган. Бунинг оқибатида давлат манфаатларига 390 млрд 185 млн сўм зарар етказилган.
Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи – Андижон, Самарқанд, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Инспекциянинг Тошкент марказий назорат-кимё лабораторияси томонидан нефть маҳсулотлари бўйича олиб борилган сифат назорати тадбирлари давомида хусусий автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида 200 та ҳолатда 5 млн 225 минг литр нефт маҳсулотларининг сифатсизлиги аниқланган.
Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилгани айтилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!