date
views 161

Германия компанияси ўзбекистонликларни турли соҳалар бўйича ишга жалб қилади

Фото: “Дунё” агентлиги

Германиянинг Франкфурт Майн шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТMMA) раҳбарияти ҳамда Германиянинг Goldcliff Stark компанияси ўртасида музокаралар ташкил этилди. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, хусусан, Германия меҳнат қонунчилиги, тил ўқитиш, консалтинг хизматлари кўрсатиш каби йўналишларда ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинган.

Goldcliff Stark компанияси Ўзбекистондан ишчи кучи жалб қилишдан манфаатдор эканини ва ўзбекистонлик мутахассисларни қуйидаги йўналишларда ишга жойлаштиришга тайёрлигини билдирган:

  • ҳамширалик иши соҳасида тегишли сертификатларга эга бўлган ўрта махсус тиббий маълумотли мутахассислар;
  • меҳмонхоналар ва ресторанлар учун хизмат кўрсатувчи ходимлар (консерж, ресепшин, хизматкор, техник, метрдотел, ошпаз, официант ва қўриқчи);
  • кафелчи, дурадгор, бетончи, сувоқчи, бўёқчи, электрчи, чилангар касблари бўйича тажрибали малакали қурувчилар.

Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорлик масалаларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида яқин келажакда Goldcliff Stark компанияси вакилларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш ва ТMMA билан тегишли шартнома имзолаш юзасидан келишувга эришилган.

Маълумот учун, Goldcliff Stark компанияси 2017 йилда Франкфурт Майн шаҳрида ташкил этилган юридик фирма. Мазкур ташкилот қурилиш, архитектура, йўл ва меҳнат ҳуқуқи соҳасида консалтинг ва юридик хизматлар кўрсатиш билан шуғулланади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Германия компанияси ўзбекистонликларни турли соҳалар бўйича ишга жалб қилади