Уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан ер участкаларини эгаллаб олиб, якка тартибда уй-жойларни ноқонуний барпо этиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Бундай ҳолларда ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди, уни тасарруф этишга – сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас. Бундай иморат суднинг қарорига биноан уни қурган шахс томонидан бузиб ташланиши лозим.
Мажбурий ижро бюроси Пахтаобод туман бўлими иш юритувига ҳам айнан шу мазмундаги ижро ҳужжати келиб тушган бўлиб, унда Пахтаобод тумани Туркистон массиви қишлоқ харитасининг 268қ-контуридаги даъвогар “Gulchehraxon-Shahnozaxon” фермер хўжалигининг экин экиладиган ерларида жойлашган низодаги жами 0,12 гектар ер майдонида жойлашган ноқонуний равишда қурилган қурилмаларни буздириш белгиланган.
Жавобгарлар Х.Жўраев ва Ғ.Жўраевлар бюро ходимлари томонидан огоҳлантирилган, берилган ихтиёрий муддат ичида ноқонуний қурилмаларни бузишлари керак бўлса-да, уларни бузмаган. Фермер хўжалиги раҳбарининг таъкидлашича, 3 йилдан буён ушбу ҳосилдор ердан фойдаланишига тўсиқлар бўлган. Шу сабабли, масъул идора вакиллари иштирокида мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, ноқонуний қурилмалар буздирилиши таъминланди.
Эндиликда, фермер хўжалиги учун ўзига ажратилган ер майдонидан унумли фойдаланиш имконияти яратилди.
Жавобгар фуқаролар эса ҳеч қандай ҳужжатларсиз ноқонуний равишда қурилмаларни қуриш оқибати кўнгилсиз якун топишига амин бўлди.
Бюронинг Пахтаобод туман бўлими
давлат ижрочиси Бегзодбек Қобилов
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг