Тошкент шаҳридаги “MY-CARS” автосалонидан машина олмоқчи бўлган бир гуруҳ фуқаролар алданиб қолишди. MY5 телеканали Марказий студия кўрсатуви тайёрлаган лавҳадан маълум бўлишича, автосалон ўз рекламаларида ҳеч қандай фоизларсиз, бўлиб тўлаш шарти билан машина олиб беришни ваъда қилган.
“Улар жуда устакорлик билан бизни ром қилиб қўйди. Машиналарни кўргандан сўнг чўнтагимиздаги пулимизни қандай берганимизни ўзимиз ҳам билмай қолдик”, дея таъкидлаган жабрланувчилардан бири.
Автосалон ходимлари республиканинг турли ҳудудларида яшовчи 34 нафар мижоз билан шартнома тузган ҳамда 1 йил ичида 3 млрд сўмдан ортиқ маблағ тўплаган. Тўловлар учун квитанциялар ҳам тақдим этишган.
Ҳозирги кунда автосалон машиналардан бўшаб қолган. Жабрланувчиларга кўра, 10 кундан бери унинг эшиклари ёпиқ, ходимлар қўнғироқларга жавоб қайтармаяпти экан.
Маълумотларга кўра, ҳозирда гумонланувчи шахс ушланган ва тергов-суриштирув ҳаракатлари бошланган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!