date
views 89

Шавкат Мирзиёев: Марказий Осиё бирдамлик йўлидан боришда давом этади

Фото: Президент матбуот хизмати
Сўнгги йилларда Марказий Осиё яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш йўлидан бормоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида маълум қилди.

«Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли Ўзбекистон барча қўшнилари билан давлат чегаралари, транспорт коридорлари ва сувдан фойдаланиш бўйича муаммоларни бартараф этишга муваффақ бўлмоқда», деди президент.

Қайд этилишича, минтақа давлатлари ўртасида ўзаро савдо икки ярим баробардан зиёд, қўшма корхоналар сони эса беш марта ўсди. Минтақа иқтисодий ривожланиш марказига, Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган транспорт-коммуникация кўпригига айланиб, унга қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

Марказий Осиёнинг дунёга очиқлиги – минтақа хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлайдиган энг муҳим шартга айланмоқда.

«Ишонч билан айтиш мумкинки, бизнинг халқларимизни минтақавий ўзига хосликни англаш туйғуси бирлаштирмоқда ва бу туйғу тобора кучайиб бормоқда. Бизнинг нафақат тарихимиз, балки келажагимиз, ҳаётий муҳим манфаатларимиз ҳам умумий ва муштаракдир. Минтақавий ҳамкорлигимизни кенгайтиришдан бошқа йўлимиз йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас!

Аминманки, халқаро ҳамжамиятнинг қўллови билан Марказий Осиё бирдамлик йўлидан боришда давом этади. Марказий Осиёни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатида бундан буён ҳам устувор мақсад бўлиб қолади», деди Шавкат Мирзиёев.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев: Марказий Осиё бирдамлик йўлидан боришда давом этади