date
views 128

Тадқиқот: Оталари биргаликда машғулот олиб борган болалар мактабда яхшироқ ўқийди

Тадқиқот: Оталари биргаликда машғулот олиб борган болалар мактабда яхшироқ ўқийди

Фото: Depositphotos

Буюк Британия олимлари, хусусан, Манчестер университети профессорлари ўтказган тадқиқотга кўра, бошланғич синф ўқувчилари билан оталари кўпроқ интерактив машғулотлар олиб борса, улар мактабда яхшироқ ўқишади.

Бундай машғулотлар биргаликда ўқиш, расм чизиш, ўйнаш, куйлаш ва ҳикоя қилиш кабилардан иборат бўлиши мумкин.

Тадқиқотчилар 2000-2002 йилларда туғилган фарзандлари бор жами 5 мингга яқин ота-онаси тўлиқ оилаларнинг маълумотларини ўрганиб чиққан. Бунда болаларнинг 5-7 ёшда бошланғич мактабда олган тест баҳолари тадқиқ қилинган.

Ва натижага кўра, 3 ёшида болалари билан мунтазам равишда ўйнаган, китоблар ўқиган ва расмлар чизган оталар болаларининг 5 ёшидаги баҳолари яхшироқ бўлишига, 5 ёшида боласи билан машғулот олиб бориш орқали эса 7 ёшда уларнинг яхшироқ ўзлаштиришларига ёрдам беришган.

"Оналар ҳали ҳам болалари учун энг асосий ғамхўрликни зиммаларига олишади, бироқ агар бола парваришида оталар ҳам фаол бўлишса, бу боланинг бошланғич синфларда яхшироқ баҳо олиш эҳтимолини сезиларли оширади. Шунинг учун ҳам оталар болалари ҳали кичиклигиданоқ унинг парваришини оналар билан бирга амалга оширишларини қўллаб-қувватлаш керак", дейди тадқиқот етакчиси доктор Ҳелен Норман.

Боланинг мактаб ёши, унинг ирқи, жинси этник келиб чиқиши, оиланинг даромади қандайлиги муҳим эмас — оталарнинг иштироки болаларнинг мактабдаги муваффақиятларига ижобий таъсир кўрсатади.

Ҳисоботга кўра, бир хил машғулот бўлса ҳам, отанинг ва онанинг болага таъсири 2 хил бўлади. Оталар кўпроқ боланинг яхшироқ ўзлаштиришига таъсир қилса, оналарнинг ҳаракатлари уларнинг ҳиссий ва ижтимоий феъл-атворига таъсир қилади.

Тадқиқот оталарга имкон қадар болалари учун кўпроқ вақт ажратишни тавсия қилган. Ишлайдиган ва доимий банд оталар кунига ҳеч бўлмаганда 10 дақиқани болалари билан шуғулланишга ажратса ҳам, уларнинг кейинги ютуқларида бунинг натижасини сезишлари мумкин.

Шунингдек, кичик ёшли болалар билан ишлайдиган таълим марказлари ва мактабларга ҳам нафақат оналар, балки оталар билан ҳам доимий боғланиб бориш, оталар иштирок этадиган стратегиялар тузиш тавсия этилган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тадқиқот: Оталари биргаликда машғулот олиб борган болалар мактабда яхшироқ ўқийди