Қўштепа туманида вояга етмаган шахс 5 ёшли болани пневматик қуролда отиб қўйди. “Бу кун” информацион дастурида маълум қилинишича, гумонланувчи қуролда ўқ йўқ деб ўйлаган.
Ҳолат туманнинг Карнайчи маҳалласида содир бўлган. Абдуллоҳ уйи ёнидаги чорва хўжалигига дадасини овқатланишга чақириш учун борган. Ўша ерда бўлган 8-синф ўқувчиси эса сўри остида турган пневматик қуролни олиб, унга ўқталган ва отган.
“Ҳар доим дадасини овқатланишга айтгани борарди. Хўжалик уйимиз орқасида, яқин. Ўша куни ҳам хўжаликка бориб, дадасининг олдида ўтирган экан. У бола сўрининг тагидан милтиқни олиб, ўқи йўқ деб боламга қарата отибди. 8-синфда ўқиркан, икки маҳалла нарида туради, хўжаликка сув олгани келиб туришади”, деган Абдуллоҳнинг онаси.
Шифохонага олиб борилган болакай зудлик билан операция қилинган. 5 соат давом этган жарроҳлик амалиётида боланинг юраги тўлиқ тўхтатилиб, унинг чап қоринчасига кириб қолган ўқ чиқариб олинган. Шифокорларнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда боланинг аҳволи яхши.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Қўштепа тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориляпти. Текширув якунига кўра ҳолатга қонуний баҳо берилиши маълум қилинган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!