Қорақалпоғистон Республикаси ва Сирдарё вилоятида пул эвазига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган шахслар қўлга олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Мирзаобод туман бўлими томонидан ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Д.Т. исмли шахс фуқаро А.С.га гўёки ИИБда ишловчи танишлари орқали ҳеч қандай ўқув машғулотларига қатнашмасдан B, C тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига 400 доллар ва 400 минг сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, департамент ҳамда ДХХнинг Амударё тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «А.П.» МЧЖ автомактаби инструктори О.Х. фуқаро Ш.У.ни ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан танишлари ёрдамида ўтказиб қўйиши эвазига 400 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг