«Uzbekistan Airports»нинг хабар беришича, 27 октябр куни Тошкент–Мадина йўналишида парвоз қилаётган UZP-361 рейси маҳаллий вақт билан соат 13:37 да қайтиб, Тошкент халқаро аэропортига қўнган. Таъкидланишича, аэропортга қайтиш ҳақидаги қарор экипаж томонидан техник сабаб туфайли қабул қилинган.
Kun.uz ҳолат юзасидан «Uzbekistan Airports» АЖ матбуот хизмати билан боғланди. Хизмат ходими Аҳмаджон Орифжоновнинг айтишича, ҳозирча самолёт айнан қандай техник сабабларга кўра қайтарилгани маълум эмас. Кун якунига қадар аниқ маълумотлар эълон қилиниши айтилди.
Расмийга кўра, «Panorama Airways» авиакомпанияси бу рейси учун ўзидаги ягона Аirbus А330 русумли самолётини учирган. Йўналиш бўйича манзилига етолмаган йўловчиларга қандай борт жалб қилиниши номаълум.
Маълумот учун, «Panorama Airways» ўзининг илк рейсини 2022 йил декабрь ойида амалга оширганди. Ўшанда Тошкент-Урганч-Тошкент йўналиши бўйича илк тижорий рейс парвоз қилганди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг