Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишга қаратилган президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қарор лойиҳасида бир қатор муҳим жиҳатлар кўзда тутилган:
2024 йилда 2 млн аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш бўйича қуйидаги тизим жорий этилади:
а) аҳоли ва тадбиркорларни ўқитиш, лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш ва шу орқали “оилавий тадбиркор – микро бизнес – кичик бизнес – ўрта бизнес” занжири йўлга қўйилади;
б) “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ, “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ ва бошқа ҳамкор тижорат банкларидан иборат яхлит молиявий тизим асосида кичик ва ўрта бизнес лойиҳалари молиявий қўллаб-қувватланади. Хусусан:
- оилавий тадбиркорлик дастурига – 10 трлн сўм (Халқ банки ва Микрокредитбанк);
- микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш дастурига – 3 трлн сўм ва 100 млн доллар (Микрокредитбанк ва Халқ банки);
- “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” дастурига – 6 трлн сўм ва 1,2 млрд доллар (Бизнесни ривожлантириш банки);
- “Ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш дастури”га – 1,5 трлн сўм ва 100 млн доллар (Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси) ажратилади.
в) кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари ва Тадбиркорликни ривожлантириш компаниясида ҳамда тадбиркорлик бўйича электрон платформаларда тадбиркорликка ўқитиш, лойиҳаларни молиялаштириш ва барча босқичларда ҳамроҳлик қилиш йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун Бизнесни ривожлантириш банкига жами 300 млн доллар, шу жумладан, 75 млн доллар банкнинг устав капиталини оширишга ва 225 млн доллар 15 йил муддатга 5 фоиз ставкада субординар қарз сифатида маблағлар ажратилади.
Бизнесни ривожлантириш банки – 150 минг кичик тадбиркорлар фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтиришга масъул бўлади ва бунинг учун халқаро молия ташкилотларидан 1,2 млрд доллар жалб қилинади, шунингдек, 300 млн доллар евробонд чиқарилади.
Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси – ўрта бизнесни 2,5 бараварга (10 мингдан 25 мингга) оширишга масъул бўлади ва бунинг учун молиявий хизматлар 8 трлн сўмдан 14 трлн сўмга етказилади, 300 млн доллар евробонд чиқарилади ҳамда 450 та корхонага улуш киритилади ва хизматлар ипотекаси берилади.
Республика комиссиясига (Ж. Қўчқоров) 2023 йил 15 декабрга қадар ҳудудлар ва давлат дастурлари йўналишлари кесимида 2024 йилда 2 млн аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш мақсадли кўрсаткичларини тасдиқлаш топширилади.
2024 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача давлат иштирокидаги йирик корхоналар билан кооперация асосида ташкил қилинган кичик тадбиркорларга ишлаб чиқарган маҳсулотини давлат буюртмачиларига бир йилда 10 млрд сўмгача тўғридан тўғри шартномалар асосида сотишга рухсат берилади.
Қарор лойиҳасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 300 млн доллар йўналтирилади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг