09:25 / 14.11.2023
143

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим жиноят турлари декриминализация қилинади

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим жиноят турлари декриминализация қилинади

Фото: sledcom.ru

“Мулкка тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик такомиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонун лойиҳаси билан қуйидаги ўзгартишлар назарда тутилмоқда:

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 61-моддаси таҳририга ўзгартириш киритиш орқали ўзгалар мол-мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш маъмурий жазосини назарда тутиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, модданинг иккинчи қисмида мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилотларда содир этилган худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш назарда тутилмоқда.

Мазкур моддани тўртинчи қисм билан тўлдириш орқали биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган тақдирда унга нисбатан маъмурий қамоқ билан боғлиқ бўлган жазо тури қўлланмаслиги таклиф этилмоқда.

Модданинг бешинчи қисми таҳрири ўзгартирилган ҳолда, унда фуқароларнинг талон-торож қилинган мулки қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан, шунингдек, корхона, муассаса, ташкилотларнинг талон-торож қилинган мулки қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан ошмаса, бундай талон-торож оз миқдордаги талон-торож қилиш деб ҳисобланишини белгилаш назарда тутилмоқда.

Модданинг олтинчи қисмида жисмоний шахсларнинг мол-мулкини оз миқдорда талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар Жиноят кодексининг ўзгалар мулкини талон-торож қилиш бобидаги тегишли моддаларида оғирлаштирувчи ҳолат сифатида берилган тегишли қисм бандлари аломатлари содир этилган тақдирда ушбу модда билан квалификация қилинмаслиги ва жиноий жавобгарликка тортилишига асос бўлиши таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексининг 167- (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168- (Фирибгарлик), 169-моддаларининг (Ўғрилик) амалдаги биринчи қисмида назарда тутилган жиноий қилмишлар оқибатида етказилган зарарнинг минимал чегарасини белгилаш натижасида, бу турдаги муайян миқдоргача содир этилган ижтимоий хавфли қилмишларнинг декриминализация қилинишига эришилади.

Фуқароларнинг ижтимоий хавфи кам бўлган қилмишлар учун судланиши, уларнинг тергов идораларида ортиқча сарсон бўлишининг олди олинади.

Бундан ташқари, содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича етказилган моддий зарарнинг аниқ белгиланиши натижасида, ушбу қилмишнинг маъмурий ёки жиноий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳолаш чегарасини ойдинлаштириш билан бирга, ваколатли шахсларнинг фойдали иш коэффициентини ошириш, ортиқча сарфларнинг олдини олиш ҳамда ҳолатни соддалаштирилган тартибда тез кўриб чиқиш имкониятини оширади.

Шу билан бирга, фуқароларга нисбатан содир этилган талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик оқибатида оз миқдорда зарар етказилган тақдирда, ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларини жиноий қилмиш сифатида баҳоламаслик (декриминализация қилиш) ва содир этилган қилмишни маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳолаб, унга нисбатан маъмурий жазо қўллаш билан жавобгарлик муқаррарлигига эришилади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият