Андижон вилояти Жалақудуқ туманида 44 та хонадонга имтиёзли нархда кўмир ажратиш эвазига пора талаб қилган ҳоким ёрдамчиси ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Жалақудуқ тумани ҳокими ёрдамчиси Д.I. куз-қиш мавсумида кўмир етказиб берилишини назорат қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси сифатида туман кўмир омборига назорат учун масъул этиб бириктирилганидан фойдаланиб, ҳудуддаги 44 та хонадон учун 38,1 тонна кўмирни имтиёзли нархда ажратиб бериши эвазига “У.К.” МФЙ фаоли М.А.дан 600 доллари пора талаб қилгани аниқланган.
Ҳоким ёрдамчиси ушбу пуллар ҳисобидан 7 миллион сўмни кўмир омбори ҳудудида ўзининг бошқарувидаги Nexia-2 русумли автомашинасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг