Оила кодексига мувофиқ ота-она вояга етмаган болаларига таъминот беришлари шарт эканлиги белгилаб қўйилган бўлсада, турмуш ўртоғи билан бирга яшамаётган ёки ажрашгани сабабли, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан, яъни алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган оталар жамиятимизда учраб турибди.
Мажбурий ижро бюроси Навоий вилоят бошқармаси томонидан 2023 йилнинг ўтган даврида алимент қарздорлигини тўламаган қарздор оталарга нисбатан қўзғатилган ва суриштирув ҳаракатлари ўтказилган 42 та жиноят ишлари бўйича 128,3 млн. сўм алимент пуллари ундирилиши таъминланган ва айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилган.
Мисол учун, фуқаро О.Б икки нафар вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлиги учун 2022 йилнинг июль ойида маъмурий жавобгарликка тортилганидан ўзига тўғри хулоса чиқармасдан 13 млн. 33 минг сўм миқдордаги алимент пулларини тўламасдан бўйин товлаб келганлиги учун унга нисбатан Жиноят Кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув натижасида жиноят иши судга юборилган ва суднинг ҳукми билан қарздор тўққиз ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Бундан ташқари, Мажбурий ижро бюроси Навоий вилоят бошқармасининг ҳудудий бўлимлари томонидан 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаган 494 нафар қарздор оталарнинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилиб, қарздорлардан 1 млрд. сўмдан ортиқ алимент пуллари ундирилиши таъминланди.
Хулоса қилиб айтганда, алимент бу қарз эмас, балки фарзанднинг у вояга етгунга қадар бериладиган таъминотидир. Буни бажариш эса, ҳар бир ота-онанинг бурчидир.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг