22:00 / 30.11.2023
115

Дарахтларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Дарахтларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Дарахт ва буталарни қонунга хилоф равишда кесиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасига киритилаётган ўзгаришларга кўра, дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириш фуқароларга БҲМ 25 бараваридан 50 бараваригача (айни дамда 5 бараваридан 10 бараваригача), мансабдор шахсларга эса БҲМ 50 бараваридан 75 бараваригача (айни дамда 10 бараваридан 15 бараваригача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли бўлган ашё ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёси мусодара қилиниб, фуқароларга БҲМ 50 бараваридан 75 бараваригача (айни дамда 10 бараваридан 20 бараваригача), мансабдор шахсларга эса БҲМ 75 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима (айни дамда БҲМ 20 бараваридан 30 бараваригача жарима) ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилади.

Қолаверса, 79-моддага 4-қисм ҳам қўшилмоқда. Унга кўра, дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққан мансабдорлар БҲМ 50 бараваридан 75 бараваригача миқдорда жаримага тортилади.

Бундан ташқари, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 49-моддасига иккита қисм қўшилмоқда.

49(1)-моддага кўра, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини ғайриқонуний равишда кесган ёки йўқ қилган ҳуқуқбузарлар ҳар бир дарахт ва бута ўрнига ўша жойда қимматбаҳолиги жиҳатидан кам бўлмаган 100 туп дарахт ва бута кўчатини экиши белгиланмоқда. Бу Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги органларининг қарорига кўра амалга оширилади ва ҳуқуқбузар дарахтларни ўз ҳисобидан экиб, 3 йил давомида парвариш қилади. Агар ушбу жойда дарахт ва бута кўчатларини экиш учун ер майдони етарли бўлмаса, дарахт ва бута кўчатларининг қолган қисми тегишли маъмурий-ҳудудий бирликдаги бошқа жойга экилади.

Ғайриқонуний кесилган ёки йўқ қилинган дарахтлар ва буталарнинг қиймати, уларнинг ўрнига экиладиган кўчатларнинг турлари, шунингдек, экиш муддатлари ва жойини аниқлаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

49(2)-моддасига кўра давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини ғайриқонуний кесган, йўқ қилган юридик шахслар БҲМ 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жаримага тортилади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият