Ижтимоий тармоқларда «Жигули» машинаси Жиззах шаҳрида катта тезликда ҳаракатлангани ва бир нечта машинани пачақлагани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 2023 йил 1 декабр куни соат 13:30 лар атрофида Жиззах шаҳри, «Шодлик» МФЙ ҳудудидан ўтган 4R-36 Жиззах—Янги қишлоқ—Қизилча автомобил йўлида содир бўлган.
Ҳайдовчи «Жигули» билан Фориш—Жиззах йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётиб, бошқарувни йўқотган ва йўл четида турган машиналарга бориб урилган.
Оқибатда «Жигули» ҳайдовчиси бош мия жароҳати билан шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Машинада бўлган икки нафар йўловчига тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳодисада «Жигули»дан ташқари 5 та машинага моддий зарар етган. Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг