Саида Мирзиёева: “Биз жадидларнинг таълим борасидаги ғояларини ҳаётда қўллашга интилмоқчимиз”
11 декабр – Тошкентда жадидлар фаолиятига бағишлаб ўтказилаётган конференциянинг биринчи кунида Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева сўзга чиқиб, таълим сифатини ошириш, хотин-қизларга кенг имкониятлар яратиш ва алифбони ислоҳ қилиш заруратига тўхталиб ўтди.
“Туркистонлик жадидлар ўз маърифатчилик ғояларини фақат янги усул мактаблари орқалигина амалга ошириш мумкинлигини англаган эдилар. Улар янги усул мактаблари учун таълим дастури ишлаб чиқиш, дарсликлар нашр қилиш, уни мавжуд мактабларга жорий қилишга киришганлар. Бугун биз айнан шу ғояларни ҳаётда қўллашга интилмоқчимиз.
Сўнгги йилларда бошланғич синфлар учун янги мактаб дарсликлари ҳамда замонавий ўқув методикаси жорий қилинди. мактаблардаги компютер хоналари бутунлай янгиланмоқда. Ўқитувчилар пахта қуллигидан мутлақо озод қилиниб, уларнинг ҳуқуқлари қонун билан мустаҳкамланди. Ҳар қандай мажбурий меҳнат учун жиноий жавобгарликкача бўлган жазо белгиланди.
Бу йилдан бошлаб илк бора хорижий тил эгалари мактабларда болаларимизга чет тилларидан дарс бермоқда. Ва бу жараён йилдан йилга кенгайиб боради.
Айниқса, хотин-қизларнинг билим олиши учун кенг имкониятлар яратилиши президент сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган. Фитрат айтганидек, ўзбек хотин-қизлари – миллат оналаридир. Улар тарбия, илм олишлари лозим ҳамда ахлоқ ва билимларини камолга етказишлари зарур.
Мен таълим олиш учун Европага борган, ўз юртига қайтгач, ноҳақ айбловлар билан қийноққа солинган, турли азоб ва синовларга қарамай руҳи синмаган, жадидлар издоши Марям Султонмуродовани эслаб ўтмоқчиман. Унинг матонати, қатъияти, бошига қандай оғир кунлар тушмасин, ҳаётини ватан ва миллат хизматига бағишлагани барчамизга ибрат мактаби бўла олади.
Бугун шу фурсатдан фойдаланиб, барча хотин-қизларимизни ҳаётда фаол бўлишга, билим олишга, ўз устиларида ишлашга, Марям каби ҳеч нимадан қўрқмай, аниқ мақсад сари ҳаракат қилишга чақираман. Чунки бугун Ўзбекистонда илм-маърифатга интилиш хавф эмас, балки эҳтиёждир. Бугунги Ўзбекистонга ана шундай Марямлар керак”, – деди Саида Мирзиёева.
Мирзиёева кенг жамоатчиликни умумий ғоялар атрофида бирлашиб, мамлакат ривожи учун ҳаракат қилишга чақирди.
“Биз ўтмишда жуда кўп хатолар қилдик. Юрт равнақи, миллат тараққиёти йўлида хизмат қилганларни хор қилдик. Зиёлиларни, жадидларни қириб, ўқитувчиларни қулга айлантирдик. Тарихда йўл қўйилган бу хатолар ҳали узоқ вақт ўз таъсирини кўрсатса керак, менимча. Лекин бир нарса аниқ: ушбу хатоларни тузатиш учун бугун сиёсий ирода, имконият ва шароит бор.
Агар биз бу имкониятни қўлдан бой берсак, умумий ғоялар атрофида бирлашмасак, оддий қилиб айтганда, бир куч, бир мушт бўлиб ҳаракат қилмасак, келажак бизни кечирмайди”, – деди президент ёрдамчиси.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг