17:44 / 12.12.2023
809

Ўзбекистонда охирги 50 йилдаги энг совуқ декабрь ойи ҳақида маълумот берилди

Ўзбекистонда охирги 50 йилдаги энг совуқ декабрь ойи ҳақида маълумот берилди

Мамлакатда бундан 39 йил илгари сўнгги 50 йилликдаги энг совуқ декабрь ойи бўлган. Бу ҳақда “Ўзгидромет” маълум қилди.

Қайд этилишича, 1984 йил декабрь ойида ҳаво ҳарорати кечаси совуқнинг энг юқори чўққисида 18-23 даражагача, баъзи жойларда 25-27 даражагача пасайган.

2021 йил декабрь ойида эса сўнгги 50 йилдаги энг иссиқ ҳарорат кузатилган. Республика бўйича ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 2-4 даража юқори бўлган. Энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати кундузи 20-25 даражагача, жанубда 26-28 даражагача кўтарилган. Тошкентда декабрь ойи учун мутлақ максимал ҳаво ҳарорати 1915 йилда кузатилган, у 27,3 даража иссиқни ташкил этган. Декабрь ойи учун мутлақ минимал ҳаво ҳарорати, яъни 29,5 даража совуқ 1930 йилда қайд этилган”, — дея эслатган “Ўзгидромет”.

Марказга кўра, 2022 йилнинг декабрь ойи биринчи кунлариданоқ қор ёғиши ва ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши билан ўзининг қишки характерини кўрсатган. Жуда совуқ ҳаво деярли ойнинг ўрталарига қадар давом этган. Кечаси бу даврда ҳаво ҳарорати кўпчилик ҳудудларда 10-15 даражагача, шимолий ва чўл ҳудудларда 19-24 даражагача пасайган. Фақатгина республика жанубида ва Фарғона водийсида ҳаво унчалик совуқ бўлмаган, минимал ҳарорат 1-6 даража совуқ атрофида бўлган.

Декабрь ойида республика текислик ҳудудларида ёғингарчилик кўпинча аралаш шаклда тушади (ёмғир қорга айланади), тоғларда эса қор қопламининг фаол шаклланиши кузатилади. Ўтган йили қор кўринишидаги ёғингарчилик республиканинг марказий туманлари текисликлари бўйлаб қор қопламининг шаклланишига олиб келган ва бу қарийб 10 кун давом этган. Максимал қор баландлиги 7-12 см, баъзи жойларда 13-17 см гача бўлган. Тоғли ҳудудларда қор қопламининг баландлиги 40-90 см га етган”, — деб ахборот берган марказ.

Шунингдек, “Ўзгидромет” бу йилги декабрь ойида ҳаво ҳарорати нисбатан илиқ бўлишини прогноз қилган.

Ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан юқори, баъзи ҳудудларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечаси 1-6 даража совуққача, шимолда 8-13 даража совуққача пасайиши ҳолатлари кузатилади. Декабрь ойи учун бу нормал ҳолат, чунки бу қиш ойи. Энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати 15-18 даражагача, жанубда 20-22 даражагача кўтарилади”, — дея тахминий кўрсаткичлар тақдим этилган.

Прогнозларга қараганда, 11-14 декабрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига шимолдан совуқ ҳаво массаларининг кириб келиши давом этади. Ҳаво ҳарорати аста-секин пасайиб боради ва 12-14 декабрь кунлари кечаси 10-13 даража, кундузи 5-8 даража совуққача, шимолда кечаси 17-20 даража, кундузи 9-12 даража совуққача пасаяди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият