Ҳуқуқ тартибот органлари ва ижтимоий инфратузилма хизматлари 24 соатлик иш тартибига ўтказилади
Йиғилишда айрим ҳудудларда энергетика тизимида кузатилаётган муаммолар муҳокама қилинди. Президент ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларга алоҳида эътибор қаратди.
Масалан, Наманган вилоятидаги газ қуйиш шохобчаларида газ камайган. Андижон вилоятининг Балиқчи, Пахтаобод, Марҳамат ва Андижон туманларида ҳаво совуши билан электр энергияси билан боғлиқ муаммолар кўпайган. Қашқадарё вилояти Ғузор ва Касби туманларида электр кўп ўчаётгани маълум қилинган.
Давлат раҳбари бундай камчиликларни бартараф этиш ва келгусида олдини олиш лозимлиги яна бир бор таъкидлаб ўтди. Электр тармоқлари ва газ таъминоти мутасаддиларига авария бригадаларини шай ҳолатга келтириб, туну кун ишлашини таъминлаш, зарур восита ва материаллар захирасини кўпайтириш бўйича топшириқ берилди.
Бу йил кўмир таъминотида ҳам янги тизим йўлга қўйилди. Ҳудудлардаги омборларда турган кўмирни аҳолига ва ижтимоий соҳага етказилишини кундалик назоратга олиш, иситиш тизими давлат-хусусий шерикка ўтказилган объектларда зарур кўмир захирасини яратиш кераклиги айтилди.
Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қонунга хилоф ҳолатларни чеклаш муҳимлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.
Бугундан бошлаб барча ҳуқуқ тартибот органлари ва ижтимоий инфратузилма хизматлари 24 соатлик иш тартибига ўтиши белгиланди.
Йиғилишда Янги йил байрами олдидан аҳоли фаровонлиги учун шароитларни янада яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Маданий тадбирлар юқори даражада ўтказилиши, кўнгилочар дастурлар ва хизматларни кўпайтирилиши қайд этилди. Шунингдек, бозорларда арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилади. Нарх-наволарни асоссиз оширишга уриниш Бош прокуратура томонидан назоратга олинади.
Шунингдек, жамоат транспортларининг барқарор қатновини таъминлаш, метро ва автобусларда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш муҳимлиги таъкидланди. Бекатларда шароитларни яхшилаш, йўлларни тозалаш ва ҳаракат хавфсизлигини ошириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Йиғилишда қишга тайёргарлик бўйича Ҳукумат комиссияси ва бошқа мутасаддиларнинг ҳисоботи эшитилди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг