13:06 / 17.12.2023
673

“Менга дастрўмол совға қилган ўқитувчини ишдан олганман” — собиқ директор

Ҳасанхон Ҳусанхонов
Фото: Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Тошкент шаҳрида “Директорлар кенгаши” аъзолари учун семинар–тренинг ташкил этилгани хабар қилинганди. Тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғининг ўринбосари Ҳасанхон Ҳусанхонов янги тузилган кенгашнинг вазифалари тўғрисида маъруза қилди.

Ҳасанхон Ҳусанхонов сўзи давомида вазирликда ишлашидан аввал президент мактаби директори бўлгани, ўшанда ходимларидан бирини ўзига дастрўмол совға қилгани учун ишдан ҳайдаганини айтди. Вазирлик масъули ҳолатни изоҳларкан, “Дарё” мухбири билан суҳбатда бу коррупцияга қарши қатъий курашишнинг бир тури бўлганини таъкидлади.

Мактабда раҳбарлик қилган пайтим барча ходимларни йиғиб, ўқувчилардан йиғди-йиғдини тўхтатайлик деганман. Чунки кимдир пул олиб келиши мумкин, қайсидир оилани фарзанди олиб кела олмаслиги бор. Боламиз нариги боланинг ёнида мустар бўлиб қолади. Бундай ҳолатда истеъдодли болани йўқотиб қўйишимиз мумкин. Қўл остимда ишлаётган ўқитувчиларни директорга совға бериш амалиётини тўхтатиш мақсадида йиғиб, раҳбарга яхши кўринаман деб дастрўмол ҳам, ҳатто битта гул ҳам олиб келмасликларини айтганман. Менга яхши кўринишни истасанглар, устиларингда кўпроқ ишлаб, ёшларни яхши тарбияланг, ватанга зўр кадр қилиб чиқариб беринглар, шу етарли, деганман. Намуна сифатида кимдир ўрнак бўлиши керак. Ўшанда менга дастрўмол совға қилган ходимни гарчи яхши кадр бўлса ҳам ишдан олишга мажбур бўлганман”, — деди у.
Фото: Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Тадбир давомида янги тузилган кенгашнинг мақсад ва вазифалари, раҳбарлик фазилатлари билан бирга, тизимда учраётган муаммолар ҳақида ҳам гапирилди. Айтилишича, мактабларда коррупциявий ҳолатлар ҳамон учрамоқда. Ҳатто айрим ҳолларда директорлар тайинлашда ҳам коррупциянинг таъсири бўлмоқда. Семинарда қатнашган Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳам ҳали муаммоли мактаблар кўплигини таъкидлади.

Афсуски, тизимда коррупцияга йўл қўйган мактаблар мавжуд. Уларнинг рўйхати тузилган. Биз бу каби ҳолатларга барҳам беришимиз, мактабларга раҳбар тайинлашда муносиб инсонларни танлашимиз муҳим. Шунинг учун ҳам “Директорлар кенгаши” тузилди”, — деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, яқинда ташкил этилган “Директорлар кенгаши” Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги энг тажрибали мактаб директорларини ўзида жамлаган. Кенгаш мактаб директорларини лавозимига тайинлаш бўйича тавсия берадиган органдир. Янги тузилма 2024 йил январь ойидан ўз ишини бошлайди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият