Бухорода ўзганинг беҳаё суратларини интернетда тарқатмаслик эвазига 3 млн сўм талаб қилган йигит ушланди
Бухорода сурхондарёлик аёлнинг беҳаё расмларини Telegram каналларда тарқатиш билан қўрқитган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Қайд этилишича, Сурхондарё вилояти Ангор туманида яшовчи 26 ёшли (аёл) Ф.Н. ариза билан мурожаат қилиб, Telegram мессенжерида “Равшан” номли профил эгаси, Ф.Н.нинг турли фото-суратлари ва беҳаё тасвирларини интернет ижтимоий тармоғи орқали тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, тарқатмаслик эвазига пул талаб қилаётганини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Бухоро вилояти Вобкент туманида яшовчи 22 ёшли B.Й. содир этгани аниқланган.
Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган B.Й. жабрланувчи Ф.Н. билан Telegram мессенжери орқали ўзини “Равшан” деб таништириб, уни яхши кўриб қолганини, келгусида унга уйланиш мақсади борлигини айтиб, унинг ишончига кирган. Йигит аёлнинг турли фотосуратлари ва беҳаё видеотасвирларини қўлга киритиб, ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбориш билан қўрқитган ва тарқатмаслик эвазига 3 миллион сўм пул талаб қилиб, мазкур пулларни олаётган вақтида Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ашёвий далил билан ушланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, B.Й.нинг содир этилиб фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлиги юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг