Ижтимоий тармоқларда фуқаролардан бири қўлидаги темир бўлаги билан бошқа бир одамга ҳужум қилгани ва сўнг темир билан йўлнинг ўртасида тўхтаб турган машинанинг ойналарини синдиргани ва ўзини пачақлагани тасвирланган видео тарқалди.
Видеода тўхтаб турган машинага Қашқадарё вилоятига тегишли давлат рақами тақилганини, зўравонни ЙПХ ходими ҳам тўхтатишга уринганини, бироқ у бўйсунмаганини кўриш мумкин.
Ҳодиса юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати маълумот берди. Унда ёзилишича, ҳодиса 2023 йил 15 декабр куни Қарши шаҳридаги Алишер Навоий кўчасида содир бўлган.
Светофорнинг қизил чироғида ўз йўлида тўхтаб турган “Лада-Ларгус” машинаси ҳайдовчисини қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келган “Кобалт” йўловчиси ҳужум қилиб, урмоқчи бўлган.
Сўнг қўлидаги темир буюм билан “Лада-ларгус” машинасининг ойналарини уриб синдирган. Ҳолатга гувоҳ бўлган Қашқадарё вилояти ИИБ ходимининг қонуний талабига бўйсунмаган.
Қайд этилишича, ҳозирги пайтда фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилиб, Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда, зарар миқдорини аниқлаш учун экспертиза тайинланган.
“Воқеа жойида бўлган ички ишлар органи ходимининг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади”, дейилади муносабатда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг