Ер – давлат мулки. Унинг ҳар қаричидан асраб-авайлаб фойдаланиш барчанинг бирдек бурчидир. Бироқ ер тўғрисидаги қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш юзасидан кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилаётганига қарамасдан, ерларни ноқонуний эгаллаш ва ноқонуний объектлар қуриш билан боғлиқ жараёнлар ҳамон давом этаётгани ачинарлидир.
Бундай қалтис ишга қўл ураётганларга суд органлари орқали қонуний чоралар кўрилиб, барпо этилган ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш бўйича судларнинг тегишли қарорлари асосида мажбурий ижро органлари томонидан ижроси таъминланиб келмоқда.
Фуқаро Б.П. ҳам Хива шаҳар, “Янги ҳаёт” маҳалласида 20,0 кв.метр ер майдонида ўзбошимчалик билан ноқонуний енгил конструкцияли шаҳобча қуриб, тадбиркорлик билан шуғулланиб келган. Шу сабабли, Кадастр агентлигининг Хива шаҳар бўлими ушбу жойдаги ноқонуний қурилмани буздирилишини суд орқали сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг ижро варақасига асосан жавобгар Б.П. томонидан Хива шаҳар, “Янги ҳаёт” маҳалласи ер харитасининг 669-қисм контурида аҳоли пунктидаги 20,0 кв.метр ер майдонида ўзбошимчалик билан ноқонуний енгил конструкцияли шаҳобчани жавобгар томонидан бузиб ташлаш ва ер майдонини олдинги ҳолатга келтириш белгиланган.
Бюронинг Хива шаҳар бўлими томонидан қарздор Б.П. бир неча бор огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, ушбу ноқонуний қурилмани ихтиёрий равишда бузмаганлиги сабабли, мажбурий ижро ҳаракатлари давомида буздирилиши таъминланди.
Ерларни талон-торож қилишга асло йўл қўйилмайди. Бу масала билан боғлиқ муносабатлар тенглик ва очиқлик асосида амалга оширилади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг