Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон ҳудудида чиқиндилар, айрим турдаги хавфли маҳсулот ва кимёвий моддалар муомаласи билан боғлиқ назоратни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қарор лойиҳасида Базел конвенциясига мувофиқ, 27 турдаги хавфли чиқиндиларнинг Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилишини тақиқлаш, импорт ва экспорт қилиниши давлат томонидан тартибга солинадиган ва мажбурий экологик сертификатланиши лозим бўлган хавфли маҳсулот ва чиқинди турлари рўйхатини тасдиқлаш кўзда тутилмоқда.
Вена конвенциясига мувофиқ, Ўзбекистонга импорт қилиниши тақиқланган озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларнинг янгиланган рўйхати, импорт ва экспорт қилиниши давлат томонидан тартибга солинадиган ва мажбурий экологик сертификат бўйича амалга ошириладиган озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларнинг янгиланган рўйхати тасдиқланади.
Озонни бузувчи моддалар ва улар таркибида мавжуд бўлган маҳсулотларни импорт ва экспорт қилиш экологик сертификат асосида фақат “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали амалга оширилиши белгиланади.
Озонни бузувчи моддаларнинг импорти учун квоталар электрон онлайн-аукцион савдолари орқали реализация қилиниши йўлга қўйилади.
Стокҳолм конвенциясига мувофиқ 32 турдаги ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа турғун органик ифлослантирувчи моддаларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилиши тақиқланади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг