Прокуратура органларининг ишини янгича асосда ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар аниқ белгилаб олинди. Бу ҳақда бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев аҳолига мурожаатида маълум қилди.
Қайд қилинишича, аввало, мамлакатда қонун ва адолат устуворлигини, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш прокуратура фаолиятининг асосий мезони бўлади.
Шунингдек, аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни тезкорлик билан бартараф этиш, муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни камбағалликдан чиқариш бўйича белгиланган вазифалар ижроси прокуратура органларининг доимий эътиборида бўлади.
Аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қулай бизнес муҳитини яратиш, тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак бериш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувлар ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ишлар кучайтирилади.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир дастурлар ижроси алоҳида назоратга олиниб, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш, талон-торож қилинишининг олдини олиш борасидаги ишлар давом эттирилади. Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши курашишга аҳамият берилади.
Давлат идораларида коррупциянинг барвақт олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун вазирлик ва идораларнинг ички назорат тузилмалари иши янада кучайтирилади, соҳа ва тармоқлар фаолиятини рақамлаштиришга доир вазифалар ижроси қатъий назоратга олинади. Бу борада нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан ҳамкорлик кучайтирилади.
Прокурор мақомига доғ туширадиган, нопок, зиммасидаги вазифа ва ваколатларни суиистеъмол қиладиган, фуқаролар билан беписанд ва қўпол муомалада бўладиган, бефарқ ва лоқайд кимсаларга кескин чоралар кўрилади.
«Ана шу ғоят муҳим ва долзарб вазифаларни самарали амалга ошириш ва соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда бош прокурор сифатида мен бутун масъулият ва жавобгарликни ўз зиммамга оламан», дейилади мурожаатда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг