Дарахтга электромобиль қувватлагичини ўрнатган фуқаро 1,7 млн сўм жаримага тортилди

Дарахтга электромобиль қувватлагичини ўрнатган фуқаро 1,7 млн сўм жаримага тортилди
Фото: Тошкент шаҳар экология бошқармаси
Тошкент шаҳрида дарахтга электромобиль қувватлагичи ўрнатган фуқарога чора кўрилди. Бу ҳақда пойтахт экология бошқармаси хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда Чилонзор тумани 16-мавзе 5-уй олдида 1 туп дарахтга электромобиль қувватлагичи бурама мих билан ўрнатилгани ҳақида хабар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Чилонзор тумани инспекторлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.

Натижада фуқаро А.Х. томонидан туманнинг 16-мавзе 5-уй олдидаги 1 туп дарахтга электромобиль қувватлагичи бурама мих билан ўрнатилгани аниқланган ва вазият жойида бартараф этилган.

Юқоридаги ҳолат бўйича фуқаро А.Х.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми (ўсимлик дунёси объектларини йиғиш, тайёрлаш ва улардан фойдаланиш тартиби ҳамда шартларини бузиш) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 1,7 миллион сўм жарима белгиланган ҳамда тушунтириш ишлари олиб борилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар