17:00 / 05.03.2024
4 781

2024 йил учун Рамазон тақвими — саҳарлик ва ифторлик вақтлари

2024 йил учун Рамазон тақвими — саҳарлик ва ифторлик вақтлари
Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълум қилишича, Ўзбекистонда Рамазон ойи 11 март куни бошланади.

“Туркий давлатлар уламолари фиқҳий қоидаларга таянган ҳолда фалакий ҳисоб-китоб ва астрономик кузатувларни эътиборга олиб, ҳижрий 1445 йил Рамазон ойининг биринчи куни милодий 2024 йил 11 март, душанба кунига тўғри келиши ҳақида якдил фикрга келдилар”, — дейилади хабарда.

Саҳарлик дуоси — Навайту ан асума совма шаҳри рамазона минал фажри илал мағриби, холисан лиллаҳи таъала. Аллоҳу акбар.
Маъноси: Рамазон ойининг рўзасини субҳдан то кун ботгунча тутмоқни ният қилдим. Холис Аллоҳ учун Аллоҳ буюкдир.

Ифторлик дуоси — Аллоҳумма лака сумту ва бика аманту ва аълайка таваккалту ва аъла ризқика афтарту, фағфирли йа ғоффару ма қоддамту ва ма аххорту.
Маъноси: Эй Аллоҳ, ушбу Рўзамни Сен учун тутдим ва Сенга иймон келтирдим ва Сенга таваккал қилдим ва берган ризқинг билан ифтор қилдим. Эй меҳрибонларнинг энг меҳрибони, менинг аввалги ва кейинги гуноҳларимни мағфират қилгил.

Рамазон ойи мусулмонлар учун муқаддас ой ҳисобланади. Унинг давомида барча мўминлар кўпроқ таровиҳ ва тиловат қилишлари, Қуръон хатм қилиши фарз бўлади.

Ҳадисларда айтилишига кўра, ушбу ойда гуноҳлар кечирилади, ҳатто душманларга ҳам раҳм-шафқат кўрсатилади, гуноҳкорлар ҳам дўзахдан озод қилинади.

Мусулмонлар учун Рамазон ойи ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик, бир-бирининг хато ва камчиликларини кечирадиган ойдир. Рамазонда мусулмонлар кўпроқ хайрли ишлар қилиши ва бу йўлда бирлашиши, бир-бирини қўллаши узоқ йиллардан бери яхши анъанага айланган. Бу ойда қариялар зиёрат қилинади, беморлардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, мусибатзада инсонлардан кўнгил сўралади ва етимлар овутилиб, юпатилади.

Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида Қадр кечаси бор. Ҳадисларга кўра, агар сиз бу муборак кечани тоат ва ибодатда ўтказсангиз, гўё сиз бу тоат-ибодатни саксон уч йилдан кўпроқ вақт давомида тинмай бажараётгандек бўласиз.

Рамазон ойида тўғри овқатланишни ташкил этиш муҳим.

Соғлом овқатланиш ва ошқозон-ичак тизими саломатлигини сақлашга доир қатор тавсиялар:

Таомланишни хурмодан бошлаш. Хурмо рўза пайтида кун давомида энергия билан таъминлайдиган углеводларнинг манбаи ҳисобланади. Хурмо меваси толалари овқат ҳазм қилиш трактини ишлашини тартибга солади. Бундан ташқари, хурмо магний ва калийга бой.
Кўп миқдорда сув ичиш. Айниқса иссиқ ҳавода танангизни сув билан таъминлаш учун етарли миқдорда сув ичиш жуда муҳимдир. Кун давомида чанқамаслик учун оғиз очилгандан кейин ва саҳарликдан олдин етарлича сув ичинг. Овқатланиш учун рухсат берилганда 8 стакан сув ичишга ҳаракат қилинг.

Чанқатадиган овқатлар ва маҳсулотлардан сақланиш. Тузли овқатлар, консервалар, тузланган бодринглар, балиқлардан сақланинг. Бундан ташқари, зираворларга бой овқатлардан сақланинг, чунки улар сизда чанқоқ ҳиссини чақиради. Кўпроқ мева ва сабзавотларни истеъмол қилинг, улар организмнинг сув захираларини янгилайди ва тўлдиради.

Секин, шошмасдан ифторлик қилиш. Узоқ муддатли очликдан сўнг, танага катта миқдордаги озиқ-овқат тушиши – стрессдир. Мўътадил бўлишга ҳаракат қилинг, ифторни хурмо, сув билан бошланг, кейин шўрва, салат ейишингиз мумкин. Бир мунча вақт ўтгач, асосий таомга ўтинг. Ортиқча овқатланиш овқат ҳазм қилишда муаммолар ва ошқозон оғриғига сабаб бўлиши мумкин. Ифторни илиқ шўрва билан бошлаш рўза тутгандан кейин энг яхши овқат бўлиб, организмнинг озуқавий моддаларини тўлдиради ва танани оғирроқ овқатлар учун тайёрлайди.

Таомингизда барча керакли нутриентлар мавжудлигига ишонч ҳосил қилиш. Ифторда оқсиллар, сабзавотлар, ёрмалар, мевалар ва фойдали ёғлар каби овқатлар бўлиши керак.

Соғлом овқатларни танлаш. Рационингизда дон, ёрмалар, товуқ гўшти, ёғсиз гўшт, балиқ, зайтун мойи ва мевалар бўлиши керак. Қовурилган, шўр ва ёғли овқатлардан сақланинг. Гўшт, дуккаклилар, тухум ва сут маҳсулотлари оқсилга бой. Ушбу озиқ-овқат маҳсулотларидан камида биттасини ҳар куни истеъмол қилишингиз керак.

Ширинликлардан сақланиш. Ифтордан кейинги ширинликлар қоринда газ тўпланишига сабаб бўлади ва овқат ҳазм қилишни бузади. Бундан ташқари, у қондаги глюкоза миқдорини оширади, бу эса ширинликларга бўлган эҳтиёжни янада оширади. Шунинг учун ифторликдан 2–3 соатдан кейин ширинликларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Ширинликларни фойдалироқ маҳсулотларга: хурмо, қуруқ мевалар, ширин мевалар билан алмаштириш керак.

Қаҳва (кофе) ичишдан тийилиш. Рамазон ойида бош оғриғи ва уйқусизликка йўл қўймаслик учун қаҳва ичишни камайтиришга ҳаракат қилинг.

Ифторлик ва саҳарлик орасида енгил тамадди қилиб олиш. Асосий овқатланишни уч қисмга бўлиш ва ифторлик ва саҳарлик орасида енгил тамадди қилиб олиш тавсия қилинади. Учдан бир қисми мураккаб углеводлар, учдан бири ёғсиз гўшт ёки балиқ, қолганлари эса сабзавот бўлиши керак. Бу соғлом мувозанатли овқатланиш бўлади.

Рамазон тақвими, Саҳарлик дуоси, Ифторлик дуоси, Ўзбекистонда Рамазон

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 2024 йил учун Рамазон тақвими — саҳарлик ва ифторлик вақтлари