20:05 / 04.04.2024
213

Бу галги “Ташаббусли бюджет” қандай ўтди?

Бу галги “Ташаббусли бюджет” қандай ўтди?
13 мартдан бошланган биринчи мавсум “Очиқ бюджет” порталига жойлаштирилган лойиҳаларга овоз бериш 20 кундан кўпроқ давом этди. Бу галги овоз бериш қатъийроқ “Бир фуқаро – бир овоз” кўринишида амалга оширилди. Бунда фуқаронинг бир нечта алоқа операторларидан 3-4 та сим-картаси бўлса ҳам, алоқа операторидан қатъи назар, ҳар қандай ҳолатда фақат битта овози “Очиқ бюджет”да қайд этилди.

Ҳар галгидан кўра рақобатбардош ўтган бу мавсумда ҳам ўқитувчилар, ҳамширалар овоз тўплашда иштирок этди, метро, автобус бекатлари, умуман одам гавжум жойларда овоз тўплаш учун турли таклифлар берилди.

Овоз йиғиш учун нималар таклиф қилинди?

Аввалги мавсумларда трендда бўлган ёғ таклифи ўз ўрнини ранг-баранг маҳсулотларга алмаштирди. Улардан энг қизиқларини жамладик.

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида мингта овоз учун Нексия – 1 автомобили ваъда қилинган видео тарқалди. “Машина “Open budjet”га қўйиляпти. Жавоб” деган фуқаро видеода.

15 та овоз учун эса битта қўзичоқ ваъда қилинган.


Андижонда битта овозга битта ёғ, битта 5 литр идишда суюқ совун, хоҳлаган одамга пул берилган.

Тармоқлардаги яна бир видеода 10 та овозга қўзичоқ, 50 та овозга бузоқча, 100 та овозга тойчоқ ваъда қилинган.

“Битта овоз 50 минг сўмга чиқди”

Фейсбук ижтимоий тармоғида фикр билдирган респондентлар овозлар нархи дедлайн яқинлашгани сари қимматлаганини кузатишганини айтди:
  • “Миллий университет олдида бир овозга 50 минг сўм беришяпти. Битта овозга битта қулоқчин, ёғ кабилар ҳам бериляпти”.
  • “Бу йил фақат битта овоз бероларкансиз. Боламни мактабига овоз бердим. Ўтган йили 8 та сим-карта олиб овоз бериб, 8 литр ёғ олгандим. Бир қозон қилиб доғлаб 2 ой ишлатганман”.
  • “Мен 40 минг сўмга Қашқадарёнинг туманларидан биридаги маҳаллага овоз бердим. Овозлар нархи 15 минг сўмдан 50 минг сўмгача ошганини кузатдим. Поликлиникада ишлайдиган жиянимизга ёрдам бўлсин деб ҳам овоз бердик. Раҳбари энг кўп овоз тўплаган ходимига мукофот ваъда қилибди”.
  • “20 та овозга қизчалар учун тилла зирак деб бақиришаётганини эшитдим”.
  • “Ҳозиргина битта овозга бир идиш тухум беришаётганига гувоҳ бўлдим”.
  • “Овоз берган пулимга бир кг лазер гуруч олгандим. Арзонроқ пайти овоз берибман”.
  • “Қизимнинг мактабига текинга овоз бердим”.

“Опен бюджет” ўзбекнинг тўйидай бўлди

Тармоқлардаги видеолардан бирида Иштихон туманидаги маҳаллалардан бирида овоз йиғишда иштирок этган фуқаролар учун ифторлик дастурхони ёзилганини кўриш мумкин.

Анчадан буён гаплашмаган қариндошинг-танишинг телефон қилади ёки ёзади. Бир хурсанд бўлиб гаплашиб бошласанг, унда жонсараклик — тезроқ овозингни олса. “Опен бюджет” ўзбекнинг тўйидай бўлди. Хеш-ақраболар бир-бирини дараклаб, алоқаларни жонлантиряпти”, деб ёзди X тармоғи фойдаланувчиларидан бири.

“Опен бюджет” орқали одамлар парламентнинг ишини қилмоқдалар, яъни бюджет тақсимотида қатнашмоқдалар.

Балки бу ҳозирча умумий бюджетнинг кичик қисмидир, мажбурий меҳнат ва бошқа техник муаммолар ҳам бордир – булар бориб-бориб бартараф этилади. Одамлар фаоллиги эса қолади.

“Опен бюджет” орқали одамлар ҳукуматга ҳам, парламентга ҳам ўта муҳим message юбормоқдалар: "бизнинг поликлиникада, қишлоқда, мактабда у-бу нарса йўқ, пул керак". Агар “Опен бюджет” бўлмаса ҳукумат ҳам парламент ҳам билмас эди, кимдир ижтимоий тармоқда ёзмагунча”, деб ёзди иқтисодчи Ботир Қобилов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бу галги “Ташаббусли бюджет” қандай ўтди?