20:53 / 10.04.2024
253

Агар мен аёл бўлганимда...

Агар мен аёл бўлганимда...
Саломат трикотаж фабрикасига швейцар (эшикбон – изоҳ А.А.) бўлиб ишга жойлашди. У ойига 80 лира маош оладиган бўлди. Бунча маошга нафақат бир одам,балки чорак одам ҳам ўзини боқолмайди. Аммо у ўзининг меҳнатсеварлигига умид қилиб ишлай бошлади. Хўжайин Саломатнинг тиришқоқлигини кўриб маошини оширса ажабмас.Швейцар лавозими унинг учун паст саналади албатта, лекин нима ҳам қила оларди? Дунё ўз мувозанатини йўқотган бугунги кунда қанчадан-қанча одам бу лавозимга ҳам лойиқ бўлмаганлар қўлида швейцарликқилмоқда. Хўжайин ва швейцарлар ҳозирда ўзаро жой алмашишган.

У маошига оз бўлса-да қўшимча даромад умиди билан жонини жабборга бериб туну кун ишлай бошлади. О, агар у тунги қоровул бўлганидами эди!.. Фабриканинг тунги қоровули ойига 200 лира маош олади, иши ҳам тинчроқ.

Агар инсон бир нарсага эришишни чин дилдан истаса, ўша орзуси рўёбга чиқади. Кунлардан бир кун хўжайин уни ҳузурига чақириб деди:

– Ишинг менга маъқул.

– Миннатдорман сиздан. Раҳмат.

– Оилалимисан, – сўради хўжайин.

Саломат бирон жиноятда гумон қилинмоқдаман шекилли, деб тортинчоқлик билан жавоб берди:

–Ҳа.

Қилган айбига тўлалигича иқрор ҳамда хотиржам бўлиш учун бошини эгиб қўшиб қўйди:

– Иккита фарзандим ҳам бор, бей афанди.

Хўжайиннинг юзида ҳамдардлик ва андиша зоҳир бўлди:

– Ие, шу маошга қандай яшаяпсан?

– Амал-тақал қилиб юрибман, бей афанди.

– Мен сенга бир яхшилик қилай, ҳам швейцарлик, ҳам қоровулликни эплай оласанми?

– Эплай оламан, бей афанди.

– Қисқаси, олти соат эшик олдида, яна саккиз соат тунги навбатчиликда, жами ўн тўрт соат туришинг керак бўлади. Шунда ўн соат бўш вақтинг қолади. Розимисан?

– Миннатдорман, бей афанди.

– Тунги навбатчиликучунмаошингга ўттиз лира қўшаман.

– Раҳмат.

Ойига 200 лира маош оладиган тунги қоровул иш пайти қаттиқ ухлаб қолгани сабаб дарҳол ишдан бўшатилди, унинг ўрнига бизнинг швейцарни олишди. Эндиу кундузи эшик олдида турадиган, тунда эса бўйнига соат осганча фабрикани қўриқлайдиган бўлди. Маоши 110 лирага етди.

У жуда ғайратли ва тартибли эди. Хўжайин аҳмоқ эмас, кун келиб унинг тиришқоқлигини эътиборга олиб, ўз хизматчисини муносиб мукофотлайди, ўйларди у. Масалан, қани эди унга фабрика котиби лавозимини берса! Котиб ойига уч юз лира маош олади!..

Агар инсон бир нарсага эришишни чин дилдан истаса, ўша орзуси рўёбга чиқади. Хўжайин қоровулни ҳузурига чақириб деди:

– Ишинг менга маъқул, сенга бир яхшилик қилмоқчиман. Билишимча, сен тунда у қадар банд эмассан. Идора ҳужжатлари ишини ҳам олиб борсанг деб эдим. Маошингга 60лира қўшардим.

Қоровул ўйга чўмди. У ҳолда маоши 170 лира бўлади...

– Худо хайрингизни берсин, бей афанди, – деди у хўжайинга.

Ойига 300 лира маош оладиган фабрика котиби иш пайти хаёл суриш, кофе ичиш, сигарета чекишдан бўшамагани учун лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига бизнинг швейцар ўтирди. Энди у кундузи эшик олдида турадиган, тунда эса қоровулхонага ёзув машинкасини ўрнатиб, турли-туман қоғозларга нималарнидир кўчирадиган бўлди.

У тер тўкиб ишлай бошлади. Дарҳақиқат, хўжайин ҳам аҳмоқ эмас. Эртами ё кеч ўз хизматчиси тиришқоқлигини эътиборсиз қолдирмайди. Фабрика ҳисобчиси ойига 400 лира маош оларкан. Қани эди ҳисобчилик ҳам қилса!..

Агар инсон бир нарсага эришишни чин дилдан истаса, унинг ўша орзуси рўёбга чиқади. Кунлардан бир кун хўжайин Саломатни ҳузурига чақирди.

– Биламан, бугунги кунда 170 лира пул эмас, – деди у, – маошингизни оширмоқчиман.

– Миннатдорман, бей афанди.

– Ўйлайманки, бўш вақтингиз етарли. Уйда бекор ўтиргандан кўра фабрика ҳисоб-китоб ишларини ҳам ўз зиммангизга олсангиз яхши бўларди.

– Зиммамга оламан, бей афанди.

– Жуда яхши. Маошингизга яна 45 лира қўшаман.

Ойига 400 лира маош оладиган фабрика ҳисобчиси кирим ўрнига чиқим, кўпайтириш ўрнига бўлиш қилиб юргани учун дарҳол ишдан ҳайдалди.

Энди бизнинг швейцар 215 лира маош оладиган бўлди. У кундузи олти соат эшик олдида турар, саккиз соат фабрикани қўриқлар ва бир вақтнинг ўзида ёзув машинкасида нималарнидир кўчирар, уйга келгач эса ҳисоб-китоб ишлари билан банд эди.

Саломат тиним билмай ишлайдиган бўлди, вазифани талаб этилаётганидан ҳам ортиқ бажаришга уринди. Энди у омбор мудири лавозимини ҳам олишни орзу қила бошлади. Мудир ойига 400 лира маош оларди!

Агар инсон бир нарсага эришишни чин дилдан истаса, унинг орзуси рўёбга чиқади. Хўжайин уни яна хонасига чақирди:

– Сизга бир яхшилик қилмоқчиман. Сизга фабрика омбор мудирлигини таклиф қилсам, нима дейсиз?

– Миннатдор бўлардим, бей афанди.

– Жуда яхши. Маошингизга 35 лира қўшилади. Боринг, омборни қабул қилиб олинг!

Омбор мудири паришонхотир одам бўлиб, айрим маҳсулотларни омборга олиб кириш ўрнига беихтиёр ўз уйига киритиб юборгани учун дарҳол ишдан бўшатилди ва унинг вазифасини энди бизнинг қоровул бажарадиган бўлди.

У на куч, на вақтини аямай туну кун ишлайверди. Ахир хўжайин эшак эмас, охир-оқибат унинг бундай фидойилигини лозим даражада баҳолаши аниқ. Дарҳақиқат... Хўжайин уни чақириб деди:

– Сиздан миннатдорман. Яхши ишлаган одам фақат ютади. Швейцарлик иши сиз учун муносиб эмас. Бошқа барча лавозимлар зиммангизда қолади. Уларга қўшимча сизни фабрика директори этиб тайинлайман.

Директор? У ўзини йўқотиб қўяёзди! Бу жойга у кўпдан бери кўз тикиб келарди. Агар инсон бир нарсага эришишни чиндилдан истаса, ўша орзуси рўёбга чиқади. Ниҳоят, мана, у энди директор.

– Маошингизга 90 лира қўшиб бераман, – деди хўжайин.

Аммо агар у швейцарлик ишидан озод этилса, маоши 80лирага камаяди. Лекин директорлиги учун маошига 90 лира қўшилади, жами ойига 260 лира бўлади.

Ойига 500 лира маош оладиган директор хўжайиннинг котибасига «ғамхўрлик » қилиб юргани сабаб зудлик билан ишдан ҳайдалди. Фабрикада қирқта ишчи, иккита уста ва йигирмата машина бор эди. Саломат ишчи бўлиб ишламоқчимас – ишни билмайди, уста лавозими хусусида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Машина ишини ҳам бажаролмайди. Фабрика идорасида ўзидан бошқа яна бир киши – котиба қиз қолган.

Ишдан бўш пайтларида у котиба қиз билан гап сотиб ўтирадиган бўлди:

– Хўжайиннинг умри узоқ бўлсин, тилла одам. Мен фабрикада швейцар бўлиб иш бошлаганимда ойига 80 лира маош олардим. У менга тунги қоровул ишини ҳам берди ва ойига 110 лира маош оладиган бўлдим. Кейин мени котиб этиб тайинлади, маошим 170 лирага етди. Сўнгра ҳисобхонани ҳам ишониб топширди, ойига менга 215 лира маош тўлайдиган бўлди. Кейин омбор мудирлигини ҳам берди, ойига 250 лира ола бошладим. Эндиликда эса бошқа лавозимлардан ташқари директор ҳам ўзим. Маошим 260 лира!

Котиба қиз ҳам хўжайинни мақтай кетди:

– Мен бу ерга 40 лира маошга фаррош бўлиб келгандим. Кейин хўжайиннинг уйида тозалаш ва кир ювиш ишини ҳам олдим, маошим 60 лирага етди. Кейин ёзув машинкасида ҳам ишлайдиган бўлдим, маошим 80 лира бўлди. Бора-бора хўжайинга овқат тайёрлаш ҳамда хўжалик ишларида ёрдам бера бошладим, бунинг учун ойига 100 лира тўлайдиган бўлишди. Кейин эса... кейин, биласизми, мен унинг учун ким бўлдим?.. Ва бунинг учун маошимга 15 лира қўшилди. Эндиликда ойига 115 лира оляпман.

Кунлардан бир кун у котиба қизга деди:

– Сен жуда кўп ишлаяпсан ва қаттиқ чарчаяпсан.

Котиба қиз ҳам унга муқобил жавоб қайтарди:

– Нима, ўзингиз кам ишлаяпсизми? Ҳозирги маошингиз кам эмасми? Наҳотки қўшимча даромад олишни хоҳламайсиз?

У котиба қизга қараб ўйланиб қолди. Фабрикада унинг ўзи ва шу қиздан бошқа ҳеч ким қолмагани эсига тушди. Котиба қизнинг вазифаси ҳақида ўйлай бошлади.

– Йўқ, йўқ, – деди у. – Ҳеч қандай қўшимча даромад топишни хоҳламайман. Илтифот учун раҳмат. Агар мен аёл бўлганимда-чи? Хўжайин сени ҳам ишдан ҳайдар ва менинг маошимга 20 лира қўшган бўларди... Йўқ, йўқ!.. Ишимдан жуда мамнунман... Ҳа, аммо... агар мен аёл бўлганимда!

(Азиз Несин, турк ёзувчиси)

Абдумалик Абдураҳмонов таржимаси

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Агар мен аёл бўлганимда...