1 008
Эркин Комилов Шерали Жўраев билан ўтган ёшлиги ва Зулхумор Қодирова ҳақида нималарни гапирди?
Фото: Instagram /@erkinkomilov_official
Ижтимоий тармоқларда кўплаб шов-шувларга сабаб бўлаётган Ботир Қодиров ва Жўраевлар ўртасидаги можарога кўплаб санъаткорлар ўз муносабатларини билдиришмоқда. Шерали Жўраев ҳаётлигида унинг қадрдонларидан бири бўлган актёр Эркин Комилов ҳам ўзи билган ҳақиқатларни оммага маълум қилди.
- Биз тирик гувоҳлардан икки-уч киши қолдик, менимча. Лекин бутун Андижон бу ҳақда билади. Дўстим Тоҳир Ўринбоев тирик гувоҳлардан бири, у Шерали Жўраев билан жуда яқин бўлган. Мен учинчи курс бўлганимда Шерали Жўраев биринчи курсда ўқирди. 1979–1980 йилларда Ўктам Усмоновнинг “Гирдоб” видеофильмида Азиз Қосимов ролини ижро этган вақтларимда жуда катта шов-шув бўлиб кетган. Мени тўйларга кўп чақиришарди, айниқса, она юртим Андижонга кўп таклиф қилишарди. Санъаткорларга алоҳида жой қилинарди, бир тўйда Зулхумор деган қиз даврада рақсга тушганди. У қизни илк марта кўришим, ўзгача нафосат билан рақсга тушганди. У қўшиқ тугаганидан кейин санъаткорлар столига келиб ўтирди.
Ундан кейин ҳам жуда кўп тўй-тантаналарда уни учратдим. Чарчоқданми, билмадим, у кўзини тез-тез пирпиратарди. Бир куни тўйда яна учрашиб қолдик. Ҳурмат юзасидан ўрнимдан туриб саломлашдим ва ҳомиладорлигини сездим. “Зулхумор, ҳомиладормисан?” десам, кулиб “Ҳа, Шерали Жўраевдан болам бор”, деб жавоб берди. Хонанданинг номини эшитиб, ҳайрон бўлиб қолдим. “Илоҳим, ўғилми-қизми, эсон-омон бағрингга босиб олгин”, деб дуо қилдим. Бу мен қулоғим билан эшитганим, билиб туриб айтмасликка ҳам нариги дунёда жазо бор. Буни нафақат мен, бошқалар ҳам яхши билишади.
Бир нарсага ҳайрон қоламан. Дунёда шундай улуғ сиймо борки, ҳеч биримиз осмондан тушиб ёки ердан қўзиқориндек чиққанимиз йўқ. Оналарнинг олдида бир умрга қарздормиз. Чунки тўққиз ой қорнида кўтариб, кейин қўлида, қалбида асраган бу она бўлади. Шунинг учун унинг шаънига нотўғри гап гапиришдан эҳтиёт бўлиш керак. Мен ҳам онамни сўкишса, албатта, жазосини берганман.
Бизнинг Фарҳод деган танишимиз ҳам бор эди, у орган соҳасида ишларди. Ўша вақтларда қўнғироқ қилиб, “Шерали фарзандли бўлди, ўғил кўрибди”, деди. “Зулхуморни ҳомиладорлигида кўргандим, эсон-омон қутулибди”, деб қувондим.
Бир нарсага ҳайрон бўламан, булар нимани талашяпти? Ботирнинг ҳам бисоти ўзига етарли, Жўраевларники ҳам ўзига етарли. Шерали кимнингдир гапи билан қаердадир “40 ёшимда фарзандли бўлганман, у бола менинг фарзандим эмас”, дегандир. Мен Шерали Жўраевни яхши биламан, у беникоҳ у аёлнинг олдига яқинлашмаган. Ботир Қодиров унинг фарзанди.
Бу ҳаётда кучаниб яшаб нима қиласан? Бемалол нафас олиб яшагин, болаларим. Мен 43 йиллар аввалги гапларни гапиряпман, — дейди Эркин Комилов.
Ўзбекистон халқ артисти Ботир Жўраевнинг фамилияси ўзгариб қолганида ҳайрон бўлгани ҳақида ҳам гапирди.
— Ботир Жўраев бўлиб саҳнага чиққанида, Зулхуморнинг ўғли ажойиб ҳофиз бўлибди, деб қувонгандим. Кейинчалик фамилияси Қодировга ўзгарди. Шунда танишлар “Фамилиянгни ўзгартирасан”, деб талаб қилишибди, дейишганида дилим оғриди. Ака-ука ҳеч нарса талашмасдан, бир-бири билан иноқ бўлиб яшаса бўлади-ку. Агар улар бир-бирига меҳрли бўлиб, икки ойлаб катта саройда концерт беришса ҳам, халқнинг уларга талаби юқори бўлади. Бу воқеалардан кейин ким ўзининг обрўсини ерга урди. Ҳақ бўлиб чиқса-ку, майли, ноҳақ бўлсалар-чи? Бир инсон, санъаткор сифатида дилимдан айтаман, Ботир дунёга келганида булар ҳали туғилмаганди, — дейди Эркин Комилов.
Актёр Ботир Қодировнинг онаси раққоса Зулхумор Қодирова ҳақида қуйидагиларни маълум қилди.
Фото: Instagram / @botirqodirovofficial
— Зулхумор ниҳоятда гўзал, феъли эса оғир-босиқ эди. Тўйларда бировга ортиқча хатти-ҳаракат қилганини кўрмаганман. Рақсга тушиб, кейин жойига келиб ўтирарди. Рақс ҳам бир санъат, чиройли рақсга тушиш ҳам ҳамманинг қўлидан келмайди. У бокира, ҳаёли ва иболи аёл эди.
Шерали Жўраев биринчи аёлидан 15-16 йил фарзанд кўрмаган. Билишимча, у бетоб бўлган. Фарзанд кўрмагани учун Шералида шубҳа туғилган бўлиши мумкин. Яъни “Наҳотки мен фарзанд кўрмасам, деб Зулхуморга уйланган бўлиши мумкин”, деб ўйлайман. У Ботир туғилганида хурсанд бўлиб, ер-у кўкка сиғмаган. Шерали билан бу мавзуда ҳеч гаплашмаганман, аммо вазият шу даражага етишини билганимда, албатта, тириклигида бу ҳақда гаплашган бўлардим.
Шерали Жўраев художўй инсон бўлган, уни фарзандини ҳароми дейишга ким мажбур қилганининг тагига етиш керак. Афсуски, Шерали жуда кўп гапларни ўзи билан қабрга олиб кетди. Ниятим — ака-укалар халққа овоза бўлиб, бир-бирлари билан низога боришмасин, гиналарни унутишсин, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди