14:04 / 07.05.2024
138

Кадастр соҳасида коррупциявий жиноят содир этган 33 ходим қайта ишга кириб, яна жиноятга қўл урган

Кадастр соҳасида коррупциявий жиноят содир этган 33 ходим қайта ишга кириб, яна жиноятга қўл урган
Кадастр тизимида фаолият олиб борувчи ўзини-ўзи таъминлашга ихтисослаштирилган Давлат кадастрлари палатасининг ҳуқуқий мақоми, мажбуриятлари, назорат механизмлари аниқ белгиланмагани соҳада коррупциявий жиноятларнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг таҳлилида сўз боради.

Қайд этилишича, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуни 28-моддасида коррупцияга оид жиноятларни содир этишда суд томонидан айбдор деб топилган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилиниши мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилган бўлса-да, кадастр соҳасида муқаддам судланган шахслар фаолият олиб бораётгани ва яна такрор жиноятлар содир этаётгани маълум бўлган. Биргина фирибгарлик йўли билан пора беришга далолат қилиш ва пора бериш жиноятини содир этган 127 нафар шахснинг 33 нафари ёки 26 фоизи муқаддам шу каби жиноятларни содир этгани учун судланган.

Кадастр соҳасида фирибгарлик йўли билан пора беришга далолат қилиш ва пора бериш жиноятлари осон мулкий даромад орттириш мақсадида ишончни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ ягона усулда содир этилган бўлса, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан талон-торож қилиш жиноятлари турли хилдаги коррупциявий схемалар асосида амалга оширилган.

Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан талон-тарож қилиш жиноятлари асосан ер ажратиш тартибини бузиш, қонунбузилиши ҳолатларига кўз юмиш, аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бермаслик йўналишларда содир этилгани маълум бўлган.

Айниқса, маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссияларда кадастр соҳаси ходимлари доимий фаолият олиб бориши натижасида ер ажратиш билан боғлиқ жиноятлар эгалик ҳуқуқини берувчи қарорларни чиқаришга асос бўлувчи (қарор ости) ҳужжатларига турли сохта маълумот ва ёзувларни киритиш, ерларнинг тоифаларини ва эгаларини ўзгартириш каби усулларда содир этилганлиги аниқланди, — дейилади хабарда.

Таҳлиллардан кўринишича, соҳада коррупциявий жиноятлар учун Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) бўлимларида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ ҳолатларда коррупциявий жиноятлар 29 фоизни ташкил қилади. Бунга Давлат кадастрлари палатаси тизимида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг кутилган самара бермаётгани ҳамда соҳада ягона ва қатъий назорат ўрнатилмагани сабаб бўлмоқда.

Хусусан, Кадастр агентлиги давлат кадастрлари палатаси тўғрисидаги низомининг 3-бандига кўра, Давлат кадастрлари палатаси Кадастр агентлигининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва унинг тизимига киради ҳамда ўз фаолиятида Кадастр агентлигининг ўринбосарига бўйсунади. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Кадастр агентлиги тўғрисидаги ҳамда кадастр агентлигининг давлат кадастрлари палатаси тўғрисидаги низомда Кадастр агентлиги органлари давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига ва жисмоний шахсларга нисбатан маъмурий жазо қўллаш ваколатига эга экани қайд этилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 266-1-моддасида Кадастр агентлиги органларига юқоридаги ҳуқуқбузарликлар учун тўғридан тўғри маъмурий жарима тайинлаш ваколати берилган. Бироқ замонавий ахборот коммуникация технологияларининг самарали жорий этилмагани боис Кадастр агентлиги туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари ҳозирда аниқланган битта ҳолат юзасидан тегишли маълумотларни аниқлаб, ишни судга чиқариши учун ўртача 7-10 кун вақт сарфламоқда, бу эса ходимларнинг иш унумдорлиги ва самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ўрганиш ва таҳлиллар натижалари бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тизимда коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома юборилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Кадастр соҳасида коррупциявий жиноят содир этган 33 ходим қайта ишга кириб, яна жиноятга қўл урган