09:56 / 17.05.2024
173

Аҳолида нархлар ошиши бўйича кутилмалар қандай?

Аҳолида нархлар ошиши бўйича кутилмалар қандай?
Жорий йилнинг апрелида Ўзбекистон аҳолиси ва тадбиркорларининг йиллик инфляцион кутилмалари мартдагига қараганда ошди. Бу ҳақда Марказий банк ўтказилган сўровнома натижаларига таяниб маълумот берди.

Апрель ойида аҳолининг келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан тезлашиб, 14 фоизни ташкил этган. Келгусида нархларни оширувчи асосий омил сифатида коммунал хизматлар қимматлашишини қайд этган респондентлар сони ортган. Валюта курси ўзгариши, нархларнинг сунъий оширилиши ҳамда иш ҳақи ошишини омил сифатида белгилаганлар улуши камайган.

Тадбиркорлик субъектларининг келгуси бир йиллик инфляцион кутилмалари ҳам ўтган ойга нисбатан ошиб, 13,3 фоизга тенг бўлган. Келгусида нархлар ўсишига таъсир қилувчи омиллар сифатида коммунал хизматлар қимматлашиши ҳамда солиқ юкининг юқорилигини қайд этган тадбиркорлар улуши кўпайган. Иш ҳақи ва нафақалар ошишини белгилаган тадбиркорлар улуши камайган.

Аҳолининг энг юқори инфляцион кутилмалари қурилиш ва тиббиёт соҳалари вакиллари томонидан билдирилган бўлса, келгусида нархлар шаклланиши бўйича энг паст кутилмалар талабалар томонидан қайд этилган.

Тадбиркорларнинг энг юқори инфляцион кутилмалари ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб борадиган корхоналар томонидан қайд этилган бўлса, келгусида нархлар шаклланиши бўйича энг паст кутилмалар туризм соҳасига қаратилган.

Аҳоли инфляцион кутилмаларининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида кузатилди — 17,2 фоиз. Энг паст инфляцион кутилмалар Қорақалпоғистонда қайд этилди — 10,2 фоиз.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳам энг юқори инфляцион кутилмалари Тошкент шаҳрида — 14,8 фоиз, энг паст кутилмалар Сурхондарё вилоятида кузатилган — 11,3 фоиз.

Марказий банк ўрганишларига кўра, ўтган ойда даромадлари 4 миллион сўмдан юқори бўлган аҳолининг инфляцион кутилмалари нисбатан юқори даражада шаклланган (14,5 фоиз).

Марказий банк таҳлилида ўтган ойда аҳоли томонидан нархларида юқори ўсиш кузатилган асосий турдаги товар ва хизматлар рўйхати ҳам келтирилган. Бунда дорилар нархи 12 фоиз бандига ўсгани маълум қилинган. Иқтисодчи Отабек Бакиров дорилар нархи ўсишига муносабат билдирди.

Дорилар нархи чўнтакларни қақшатмоқда. ҚҚС бекор қилинганида арзонлашмаган, ҚҚС қўшилгач, кескин қимматлашган дори–дармонлар нархи ўзбекистонликларнинг оғриқларидан бирига айланган”,—деб ёзди иқтисодчи.

Апрель ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан бир оз тезлашиб, 13,7 фоизни ташкил этган. Сезилган инфляция даражасининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлса, энг паст сезилган инфляция даражаси Қорақалпоғистонда кузатилган.

Даромадлари 5 миллион сўмдан юқори бўлган аҳолининг сезилган инфляция даражаси нисбатан юқори даражада шаклланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Аҳолида нархлар ошиши бўйича кутилмалар қандай?