Жўрабек Мирзамаҳмудов
Фото: UzReport
Ўзбекистонда 2023 йил 1 октябрдан бизнес учун, жорий йилнинг 1 майидан аҳоли учун электр ва газ тарифлари оширилди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов UzReport телеканалига берган интервьюсида нархлар кўтарилиши сабабларини маълум қилди.
Учта асосий сабаб
Журналист билан суҳбат давомида Жўрабек Мирзамаҳмудов электр энергияси ва табиий газ нархлари ўсишига олиб келган учта асосий сабабни айтди.
“Аввало, тарифлар оширилиши электр энергияси ва табиий газ етказиб беришдаги харажатларнинг бир қисмини қоплаш билан боғлиқ. Ҳозирда бу маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан етказиб беришгача бўлган харажатлар тўлиқ қопланмаяпти. Шунинг учун мазкур йўналишларга бюджетдан жуда катта субсидиялар ажратиляпти.
Иккинчи сабаби — тежамкорликка ундаш. Учинчидан, инвестицияларни жалб қилиш. Ҳозир бизга генерацияга кўпроқ инвестиция келмоқда. Электр энергияси етказиб бериш йўналишида бир неча компания ўрганиш олиб борди ва тарифлар пастлиги туфайли бу йўналишга хусусий инвестиция киритишга тайёр эмаслигини билдирди. Шунинг учун тарифни ошириш ушбу масалани ечишнинг бир босқичи деб ўйлаймиз”, — деди вазир.
Ижтимоий норма нега 200 кВт/соат?
Аввалги даврлардан фарқли равишда бу галги электр ва газ тарифларида ижтимоий норма белгиланди. Хусусан, электр энергиясининг ойига 200 кВт/соатгача бўлган истеъмоли учун нархлар 450 сўмдан бўлади. Истеъмол ҳажми бундан ошса, нарх ҳам 200 кВт/соатдан юқори қисми учун кўтарилиб боради. Жўрабек Мирзамаҳмудов нега айнан ижтимоий норма 200 кВт/соат этиб белгиланганига изоҳ берди.
“Асосий истеъмолчилар улушини таҳлил қилдик. Статистика шуни кўрсатдики, жорий йилнинг апрель ойида 200 кВт/соатгача бўлган улуш энг катта бўлиб чиқди. Яъни бизда 7 миллион 228 минг абонент бўлса, шундан 5 миллион 255 мингтаси (73 фоизи) 200 кВт/соатдан кам электр ишлатган. Қиш ойларида ҳам 66–68 фоиз абонент 200 кВт/соатгача электр ишлатган. Ҳисоб-китобларимизга кўра, 200 кВт/соат базавий эҳтиёжларни қоплашга етади”, — деди вазирлик раҳбари.
Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, юқоридаги 73 фоиз абонентнинг электр энергияси истеъмоли умумий истеъмолнинг 35 фоизини ташкил қилмоқда. Улар бир ойда 415 миллион кВт/соат электр энергияси сарфламоқда.
“Қолган 27 фоизга яқин абонент умумий ҳисобда электр энергиясининг 58,8 фоизини истеъмол қиляпти. Бир ойда улар 1000 кВт/соатгача (ҳар бир абонент–таҳр.) жами 697 миллион кВт/соат электр энергияси истеъмол қилади ва 1000 кВт/соатдан юқори истеъмол қилган абонентлар 5,7 фоизни ташкил этади. Улар жуда катта ҳажмда электр энергияси истеъмол қиляпти”, — деди вазир.
Газ қазиб олиш ҳажми нега камаймоқда?
Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, Ўзбекистондаги 85 фоиз конлардан табиий газ қазиб олиб бўлинган.
“Ҳозир конларга борган сари чуқур кириб борилмоқда. Улардан газ қазиб чиқаришда сиқув компрессор станцияларида муаммолар юзага келиб, қўшимча вақт ва харажат кетмоқда. Бунинг оқибатида маҳсулот таннархи ошмоқда. Технологияда конларга қанчалик чуқур кетгани билан баъзи натижалар биз ўйлагандек бўлмаяпти. Эскирган технологик ускуналаримизда авариялар кўпайган. Уларни вақтида модернизация қила олмаганимиз сабабли компрессор станциялардаги агрегатларда тўхташ ҳолатлари бор. Тизимда 4 ой ичида 333 та техник носозликлар бўлди”, — деди Энергетика вазири.
Энергетика вазири мамлакат электр энергияси етказиш тармоқларидаги носозликлар ва авариявий ҳолатларни тўлиқ бартараф қилишга камида 3–4 йил кераклигини айтди.
“Жорий йилда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини камида 5 миллиард кВт/соатга ошириш кўзда тутилган. Бу ҳажм янги ИЭСлар ишга туширилиши, янги қуёш ва шамол генерациялари ҳисобига ошади. 2024 йилда қўшимча электр энергиясини экспорт қилиш имкониятимиз ҳам бор. Чунки олдинги йилларда 4 миллиард кВт/соатдан кўпроқ электр энергияси импорт қилган бўлсак, жорий йилда бу ҳажм қисқариб, 3 миллиард кВт/соатдан камроқ бўлади”, — дея маълум қилди вазирлик расмийси.
Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг қўшимча қилишича, электр ва газ тарифлари ошгани ҳисобига 2024 йилда энергетикага давлат томонидан бериладиган субсидиялар миқдори камаяди.
Маълумот учун, 2023 йилда республикада табиий газ олди-сотдиси ўртасидаги тақчилликни қоплаш учун давлат бюджетидан қарийб 18 триллион сўм тўлаб берилган. Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров “Дарё” мухбирига берган интервьюсида 2024 йилда бу миқдори 9,5 триллион сўмга пасайтирилишини айтган. Кейинги босқичларда субсидиялар яна икки баравар қисқартирилади. Субсидиялардан бўшаган пуллар ижтимоий соҳага ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимоясига сарфланиши маълум қилинган. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди