12:02 / 22.05.2024
157

ДХХ Ҳажга юборишни ваъда қилган сайёҳлик фирмалари ходимларини қўлга олди

ДХХ Ҳажга юборишни ваъда қилган сайёҳлик фирмалари ходимларини қўлга олди
Фото: Видеодан кадр
Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни Ҳаж зиёратига юборишни ваъда қилиб, уларнинг пул маблағларини ўзлаштирмоқчи бўлган айрим шахсларни ушлади.

Бу борада Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган сайёҳлик фирмасининг 2 нафар ходими маҳаллий фуқаро ишончига кириб, унинг ота-онасини Саудия Арабистонига Ҳаж сафарига боришлари учун талаб этиладиган виза ҳужжатларини тайёрлаб бериш ва уларни зиёратга юбориш эвазига 18 минг АҚШ доллари талаб қилишиб, 4500 АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги сайёҳлик фирмаси раҳбари Яшнобод туманида яшовчи фуқарони Ҳаж-2024 мавсумида Саудия подшоҳлигига муборак сафарга юбориш эвазига 9500 АҚШ доллари талаб қилиб, 5700 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс ҳам Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида истиқомат қилувчи 2 нафар фуқарони сайёҳлик фирмаси орқали Ҳаж зиёратига юбориш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Фарғона шаҳридаги сайёҳлик фирмаси иш юритувчиси эса Тошлоқ туманида яшовчи фуқарони ва унинг 2 нафар вояга етмаган фарзандини 30 минг АҚШ доллари эвазига «Ҳаж» зиёратига юборишни ваъда қилиб, 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида яшовчи шахс ҳам Қува туманида истиқомат қилувчи фуқарони ва унинг ота-онасини Ҳаж амалларини бажаришлари учун сайёҳлик фирмаси орқали Саудия Арабистонига юбориш эвазига 16 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги ««Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида мамлакат фуқаролари учун Ҳаж тадбири Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади ҳамда бундай фаолият билан бошқа ташкилотларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди, деб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Саудия Арабистони томонидан белгиланган тартибга мувофиқ, чет эл фуқаролари учун Ҳаж зиёратини адо этишнинг асосий шарти – «ҳаж» визасига эга бўлиш ҳисобланади. Қолган барча турдаги визалар – «умра», «туризм», «бизнес» ва бошқалар билан Ҳаж зиёратига бориш тақиқланади.

Тартибни бузган хорижлик Саудия Арабистонидан депортация қилиниб, ушбу мамлакатга 10 йил муддатга кириши тақиқланади ҳамда 50 минг саудия риали миқдорида жаримага тортилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ДХХ Ҳажга юборишни ваъда қилган сайёҳлик фирмалари ходимларини қўлга олди