15:33 / 26.05.2024
721

Девонанинг иши ёхуд чўнтагида бир чақаси йўқ икки мухбир саргузашти

Девонанинг иши ёхуд чўнтагида бир чақаси йўқ икки мухбир саргузашти
Ўтган асрнинг 60–70-йилларида Қарши чўлини ўзлаштириш авжига чиққан эди. «Каршистрой» деган гигант ташкилот ҳам тузилган. Ўша пайтларда муайян таҳририятлар билан йирик ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди. «Ўзбекистон маданияти» газетаси «Каршистрой» билан ана шундай ҳамкорлик шартномасини имзолаган. Унга мувофиқ, газета Қарши чўлининг ўзлаштириш жараёнини мунтазам ёритиб боришни зиммасига олган эди. Шу боис таҳририят ходимлари чўлга тез-тез бориб туришарди...

Камина ходимингиз ҳам бир неча марта борган, Қарши чўлини кезган, кўплаб чўлқуварлар билан суҳбатлашиб, уларнинг фаолияти ҳақида қатор очерклар ёзган эдим. Тўлғаной Норбўтаева, Маҳкамой Ҳазратқулова, Ҳайитмурод Фармонов каби фидойи чўлқуварлар ҳақидаги очеркларим катта-кичикнинг назарига тушгани эсимда.

Қарши чўлига сафарларимда доимо фотомухбиримиз Содиқ Маҳкамов ҳамроҳ бўларди. Содиқ ниҳоятда дидли, ўз ишини яхши биладиган, касбининг устаси, нигоҳи ўткир ва сезгир фотожурналист бўлиш билан бирга садоқатли дўст, исми жисмига, феъл-атворига мос инсон эди. Шу боис у билан хизмат сафарига боришни ёқтирар эдим. Биз бир-биримизни ярим гапдан тушунардик. Содиқ мендан икки ёш катта бўлгани учун унга Содиқ Жўраевич деб, у эса менга Маматий деб мурожаат қиларди.

Одатдаги сафарларимиздан бирида Содиқ билан уч кун чўл кездик. Ҳозирги Нишон тумани ҳудуди ўзлаштирилаётган эди. Ёзнинг жазирамасига қарамай бульдозер, экскаватор, грейдер каби техникаларда чўл ўзлаштираётган фидойи инсонлар билан гаплашдик, яратилган шароитлар билан танишдик. Хуллас, керакли материалларни тўпладик. Содиқ фототасмасини, мен ён дафтаримни тўлдирдим.

Оқшом аэропортга йўл олдик. У пайтда Қарши билан аэропорт орасида анчагина масофа бор эди. Аэропорт гўё чўлда қурилгандай, атрофида ҳеч вақо йўқ (ҳозир шаҳар кенгайиб, аэропорт шаҳарга қўшилиб кетган).

Биз қуёш ботиб, қоронғи тушганда аэропортга келдик. Кузатувчилар билан хайрлашиб, самолётга чиқдик. Одатдагидек ярим соатми, озми-кўпми ўтирдик. Самолёт маълум бир баландликка кўтарилмагунча совитиш тизими ишламаслигини ҳамма билади. Шу боис барча йўловчилар терга ботди, худди ҳаммомда ўтиргандай. Кимдир газета билан елпинган, кимдир рўмолчаси билан юзу бўйинларини артган, икки-учта бола биғиллаб йиғлаган... Ёзнинг жазирамасида, Қарши чўлида, нинанинг кўзича ҳам тешиги бўлмаган самолёт ичида бошқача бўлиши мумкинми?!

Ниҳоят, самолёт мотори гувиллади. «АН-24»нинг парраклари шиддат билан айланди, охири парраклар борлиги ҳам сезилмай қолди. Одамлар бир оз енгил тортишди.

Афсуски, қувончимиз узоқ чўзилмади. «Пув-в» этиб самолётнинг мотори ўчди, парраклар секин-аста айланиб, охири тўхтади. Қий-чув бошланди. Йўловчилар стюардессага ёпишди: «Нима гап? Нима бўлди? Нега учмайди?» Стюардесса қиз бечора қаёқдан билсин! Кабина эшиги очилиб, бирин-кетин учта учувчи чиқди. Самолёт эшиги ҳам очилди. Эшик томон юрган учувчиларнинг биринчиси (командири бўлса керак): «Самолёт бугун учмайди» деб ўтиб кетди. Одамларнинг бақир-чақири, нимага учмайди, қачон учади, деган саволлари жавобсиз қолди. Учувчилар тушиб кетгач, кимдир келди-да, тушинглар, эртага соат ўнда келинглар, деди. Ноилож ҳамма тушди. Аэропорт биноси орқали майдонга чиқдик. Ўша ерда турган бир киши одамларни огоҳлантирди.

– Анови – охирги автобус. Ким шаҳарга кетса тезроқ чиқсин. Бошқа автобус бўлмайди бугун, – деди у.

Ҳамма қатори биз ҳам ўзимизни автобусга урдик. Автобус лиқ тўлди. Йўлда кетяпмиз. Содиқ ҳам, мен ҳам жим. Биламан, унинг ҳам, менинг ҳам миямда бир ўй – бир савол ҳукмрон: чўнтагимизда бир чақа йўқ, қаерда ётамиз, нима еймиз? Пешинда чўлда у-бу тамадди қилганимиз бўйича юрибмиз. Охири бир-биримизга қарадик ва сўзсиз тушундик. Вазиятни енгиллаштириш учун Содиқ гапни ҳазилга бурди:

– Маматий, мана сизга Каршиград...

Автобусдан тушдик-да, тўғри келган томонга юрдик. Қаёққа кетяпмиз – ўзимиз ҳам билмаймиз. Бир маҳал чойхона кўринди. Қарасак, одамлар чой ичиб ўтирибди. Худди шу ерга келаётгандай икковимиз ҳам чойхонага бурилдик. Кеч бўлгани учунми одам сийрак экан. Бўш каравотга бориб ўтирдик. Чойхоначи йигит югуриб келди.

– Келинглар, меҳмонлар, нима олиб келай?

Содиқ фотоаппаратини бўйнига осиб олган эди, шундан ҳайиқдими, жуда тавозе билан муомала қилди у. Камбағалнинг орияти кучли бўлади. Биз ҳам бўш келмадик.

– Битта аччиқ кўк чой, – дедим.

Содиқ қўшимча қилди:
– Памил чойинг борми?

Чойхоначи ҳайрон бўлди:
– Қанақа у памил чой, ака? – деди.

Содиқ кулди:
– Қора чой.

– Ҳа, тушундим... Йўқ, ака, бизда қора чой бўмайди.

– Ҳа, майли, кўк чой олиб келавер, фақат аччиқроқ бўлсин, – деди Содиқ.

Чойхоначи кетгач, Содиқдан сўрадим:
– Шу иссиқда қора чойни нима қиласиз?

– Тошканлик эканимизни билсин, дедим-да. Сал ҳурмат билан қарайди, – деди у кулиб.

Чой келди. Бир пиёладан ичдик. Аммо икковимизнинг ҳам бошимиз қотган. Ҳозир мана шу бир чойнак чойга тўлашга ҳам пулимиз йўқ. Яна керилиб аччиқроқ бўлсин, деганмиз. Нима қиламиз?

– Чойхоначидан сўрасак, эрталабгача мана шу каравотда ётишга рухсат бермасмикан? – дедим мен.

Содиқ кулди:
– Олифтагарчилик қилиб, памил чой сўрадик... Энди бу ёғи қандоқ бўлар экан...

– Бошқа қандай чорамиз бор?

Иккаламиз ҳам жим қолдик. Оч қоринга яна бир пиёладан аччиқ кўк чой ичдик.

Кимнингдир «Ассалому алайкум» дегани хаёлимизни бўлди. Рўпарамизда Пушкинники каби жингалак сочли, бакенбарди осилиб турган, қорачадан келган йигит турарди. «Каршистрой»нинг кўп тиражли газетаси фотомухбири Шомурод Шаропов эди у.

– Сизларни жўнаб кетди дейишди-ку, – деди кулиб Шомурод.

Ишонасизми, ҳозир олдимизда Шомурод Шаропов эмас Ҳазрати Хизр тургандай эди. Ё қудратингдан, Аллоҳим, қаердан пайдо бўлди бу банданг?!

Шомуродга бор гапни айтдик.

– Хижолат бўлманглар, акалар. Ҳаммаси жойида бўлади, – деди Шомурод. – Ҳозир бу ерга Маматқул ака келади. Биргалашиб ҳамма муаммони ҳал қиламиз.

– Ким у?

– Маматқул Ражабов асли журналист. – Шомурод менга юзланди. – Сиз танисангиз керак? Ҳозир профсоюзда ишлайди.

– Эслагандай бўляпман, – дедим.

Шу маҳал Маматқул Ражабов келди. Ҳақиқатдан ҳам уни бир-икки кўрган эдим.

– Э, адаш, яхшимисиз? – деб менга қучоқ очиб келди.

Тўртовимиз анча гурунглашдик. Қорнимиз тўқ, деганимизга қарамай овқат буюрди (аслида қорнимиз ҳуштак чалиб ётипти).

Шомурод билан Маматқул бир пиёла чой устида гурунглашиш учун шу ерга келишган экан.

Икки журналист ва икки фотожурналист мириқиб суҳбатлашдик...

Эртаси куни улар бизни самолёт трапигача кузатиб қўйди.

Кейин билсак, самолёт ҳавога кўтарилиб, кўздан ғойиб бўлгунча аэропортдан кетмаган экан.

Девонанинг ишини Худо ўнгга бошқаради, дегани шу бўлса керак-да.

Маматқул Ҳазратқулов.

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Девонанинг иши ёхуд чўнтагида бир чақаси йўқ икки мухбир саргузашти