18:28 / 27.05.2024
628

Қўшмачилик билан шуғулланиб қамалган маҳкуманинг надоматлари: “18 ёшимда озодликдан маҳрум этилдим”

Қўшмачилик билан шуғулланиб қамалган маҳкуманинг надоматлари: “18 ёшимда озодликдан маҳрум этилдим”
“Надомат” лойиҳасининг навбатдаги суҳбатдоши айни дамда 21-сонли аёллар колониясида жазо муддатини ўтамоқда. У жиноятга қўл урганлиги сабаб 18 ёшида озодликдан маҳрум этилди. Энг ачинарлиси, ундан бир неча ой аввал онасига ҳам Жиноят кодексининг 131-моддаси билан суд ҳукми ўқилганди.

Маҳкума Ферузабону Деҳқонова 19 ёшда. У Жиноят кодексининг 131-моддаси билан айбдор деб топилиб, 5 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум этилган. 2023 йилнинг 23 ноябрь куни унинг қўшмачилик билан шуғуллангани аниқланган ва тегишли тартибда қўлга олинган.

“Онам қамалгач, стрессга тушиб қолдим”

Мен билан синглимнинг орасида 8 ёш фарқ бор. Болаликдан эрка ўсганман. Ота-онам айтганимни муҳайё қилишарди. Ота-онам болаликда ажрашиб кетишган, мен онам билан, укам ва синглим эса дадам билан яшарди. Бешинчи синфдан сартарошлик ҳунарини эгаллаб, гўзаллик салонида ишлардим. Айбим ёш қизлар билан танишиб, яқинларимнинг гапига қулоқ солмаганим бўлди. Онамга мен қамалишимдан уч ой аввал 131-модда билан суд ҳукми ўқилганди. Яъни онам ҳам қўшмачилик асосида озодликдан маҳрум этилган. Онамга суяниб қолганим учун унинг қамалишини оғир қабул қилганман. Стрессга тушиб, ҳеч ким билан гаплашмай қўйдим. Отам бир неча марта келиб, ўзи билан олиб кетмоқчи бўлди. Аммо истамадим. Фикри ҳаёлим фақат пул топиб, адвокат ёллашим, онамга “дачка” етказиб беришда эди. Адвокатларни ёллаш арзон турмайди, буни бошига иш тушганлар жуда яхши билишади.

Билиб-билмай шу жиноятни содир этдим. У пайтда мен 18 ёшда эдим, 19 ёшни қамоқхонада қаршиладим. Ёш умримни ҳазон қилиб, ўзимдан ҳам кўра кўпроқ оила аъзоларимга жавоб қилганимдан афсусланаман. Шу хатога йўл қўйганимни тан оламан. Менга ҳам суд ҳукми ўқилганидан кейин кўпроқ онам қийналди. Барибир фарзандман, менга ҳаммадан кўпроқ ота-онам ачинади
, — дейди маҳкума.

“200 АҚШ долларига келишдик”

Бир танишим бор эди. У билан аввал тортишиб қолганим учун муносабатларимиз ёмонлашганди. 2023 йилнинг ноябрь ойида ёнимга келди, “Опа, опа” дегани учун уни кечирдим. Табиатан ичимда гина сақламайман, кечириб юбораман. Олдимда ўтирганида унга телефон қилишди. “Бу танишларим, илтимос телефонда гаплашиб беринг”, деди. Унинг телефонини олиб бир эркак билан гаплашдим, синглим пулини ҳам келишинг деди. Эркак туғилган кунга иккита қиз кераклигини айтди ва у билан 200 АҚШ долларига келишдик. Кечки пайт менга пул олиб келди, аммо мен уни қўлимга олганим йўқ. Телефонда гаплашаётганим учун у қиз пулларни олиб, ичкаридаги қизларга олиб кириб берган. Шу орада эшик тақиллади ва ходимлар келиб, тадбирда қўлга олинганимизни айтишди. Гаплашиб берганим ва фоҳишаликка ёлланган қизларнинг бири вояга етмагани учун мени айбдор деб топишди. Аммо у қизларнинг биринчи марта бу иш билан шуғулланиши эмасди. Бунга синфдош дўстлари ҳам гувоҳлик беришди, — дейди маҳкума.

“Келажакка бўлган ишончим қолмади”

Ҳаётга бўлган интилишим, келажакка бўлган ишончим қолмади. Ёш умрини панжара ортида ўтказиш жуда қийин экан. Онам қамалмасидан аввал институтга киришга тайёрланаётгандим. Ҳозир бу ҳақида ўйлагим ҳам келмайди. 24 ёшимда озодликка чиқаман. Энди ўқий олмайман, турмушга чиқолмайман, келажагимни барбод қилдим деб кўп сиқиламан. Энг ёмони, онам иккимизнинг бир модда билан озодликдан маҳрум этилганимиз отам учун оғир зарба бўлди. Унинг бошини эгдик. Шунда ҳам отам мендан воз кечгани йўқ. Туғилган кунимга укам ва синглимни олиб келиб, табриклади. Ўзини ҳеч нима бўлмагандек кўрсатишга ҳаракат қилаяпти. Аммо кўнглидан нималар ўтаётганини яхши биламан. Тилагим ҳеч бир инсон жиноятга қўл урмасин. Айниқса, аёллар бир ишни қилишдан аввал узоқ ўйлаши керак экан. Чунки қизлар ва аёлларнинг озодликдан маҳрум этилиши оиласи учун оғир иснод, — дейди маҳкума.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қўшмачилик билан шуғулланиб қамалган маҳкуманинг надоматлари: “18 ёшимда озодликдан маҳрум этилдим”