22:07 / 28.05.2024
243

Россия Ўзбекистонда иккита ГАЭС қурмоқчи

Россия Ўзбекистонда иккита ГАЭС қурмоқчи
Москва областидаги Загорская ГАЭС / Фото: “Русгидро”
Россия Ўзбекистонда иккита гидроаккумулятор электр станция қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда давлат ташрифи билан Тошкентда бўлиб турган Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралардан кейин маълум қилди.

Гидроенергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича яхши истиқболлар бор. “Русгидро” Ўзбекистон билан мослашувчан ишлаб чиқариш қувватларини яратишда ҳамкорлик қилмоқда, бу – мамлакат энергетика балансини мувозанатлаш ва Ўзбекистоннинг бутун энергетика тизими узлуксиз ишлашини таъминлашга ёрдам беради”, – деди Путин.

Унинг сўзларига кўра, томонлар Айдаркўл ва Қаратерен кўлларида умумий ишлаб чиқариш қуввати 1 GW бўлган 2 та йирик гидроаккумулятор электр станция қуришни муҳокама қилмоқда.

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати
Таъкидлаш керак, бунгача Қаратерен кўлида ГАЭС Россия эмас, Хитой билан ҳамкорликда қурилиши режа қилинганди.

Ўтган йили июлда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раиси Абдуғани Сангинов ХХРнинг China Southern Power Grid International компанияси раиси билан Қаратерен ГАЭС (500 MW), Юқори Пскем ГАЭС (200 MW) ва Юқори Пскем ГЭС (120 MW)лойиҳалари бўйича англашув меморандуми имзолаганди.

Учала лойиҳанинг умумий қиймати 1 млрд 640 млн доллар бўлиши, лойиҳалар 2030 йилгача ишга туширилиши режа қилинганди.

2023 йил октябр ойига келиб, “Ўзбекгидроэнерго” ва China Southern Power Grid International ўртасида “Юқори Пскем” ГАЭС лойиҳасини амалга ошириш бўйича JDA келишуви имзоланди. 600 MW қувватли бу станция лойиҳасининг умумий қиймати 1 млрд доллар бўлишига келишилган.

2024 йил март ойида Тошкентда гидроэнергетика форуми бўлиб ўтган, унда “Ўзбекгидроэнерго” масъули Нодирбек Акчабоев Ўзбекистонда 4 та гидроаккумулятор электр станциялар қурилишини айтганди. Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиёдаги биринчи бундай лойиҳалар Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида бўлиши, уларнинг умумий қуввати 1600 MWни ташкил этиши кўзда тутилган.

Гидроаккумулятор электр станциялар энергетик юкламанинг турли ҳолатларини бир хил даражада ушлаб туришга хизмат қилади. Бунда, одатий вақтда ГАЭС насос режимида ишлаб, сувни пастки ҳовуздан юқори ҳовузга ҳайдайди; тиғиз вақтда эса йиғилган сувдан электр энергия ҳосил қилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Россия Ўзбекистонда иккита ГАЭС қурмоқчи