12:41 / 02.06.2024
214

“Ашхобод” боғи раҳбари текинга ўйинчоқ ва музқаймоқ тарқатилиши ортидан 15 суткага қамалди

“Ашхобод” боғи раҳбари текинга ўйинчоқ ва музқаймоқ тарқатилиши ортидан 15 суткага қамалди
Фото: Видеодан кадрлар
“Ашхобод”даги вазият ортидан боғ директори, унинг ўринбосари ва реклама бўлими бошлиғига 15 сутка қамоқ жазоси берилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, 1 июнь куни соат 12:00 да Тошкент шаҳридаги “Ашхобод” кўнгилочар боғида текинга 20 мингта ўйинчоқ ва музқаймоқ тарқатилиши ҳақида боғ маъмурияти томонидан ижтимоий тармоқда реклама чиқарилган. Бироқ бир вақтнинг ўзида ўйинчоқ олувчи ва кузатувчилар билан тахминан 40 минг нафар фуқарони боғ ҳудудида жамлашнинг имкони бўлмаслиги, йўл ҳаракати ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш талабларга жавоб бермаслиги сабабли бу тадбирни ўтказмаслик ҳақида боғ раҳбарияти огоҳлантирилган.

Лекин боғ маъмурияти оммавий тадбирларни ўтказиш талабларига риоя этмасдан, текинга ўйинчоқлар тарқатилиши ҳақидаги рекламани ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, боғ ҳудудида ва унинг атрофида аҳолини оммавий равишда тўпланишига сабабчи бўлган ва бу ҳаракати орқали фуқароларга хавф туғдирган.

Натижада боғ ҳудудидига кириш/чиқиш ва айрим ички йўналишларида тиқилинч вазият ҳамда боққа олиб келувчи ва яқин автомобиль йўналишларида тирбандликлар юзага келди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг саъй-ҳаракати билан бу тирбандликлар бартараф этилиб, фуқаролар тинч тарқатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан боғ директори — 1981 йилда туғилган А.Н., директор ўринбосари — 1987 йилда туғилган А.З. ва реклама бўлими бошлиғи — 1994 йилда туғилган Д.Т.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185-3, 200-1 ва 201-моддаларига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан ушбу фуқароларга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ
ИИББ оммавий тадбирни ўтказишга рухсат олиш учун бир ой олдин мурожаат қилиш лозимлигини, рухсат берилмаган оммавий тадбирни ўтказиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлишини билдирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Ашхобод” боғи раҳбари текинга ўйинчоқ ва музқаймоқ тарқатилиши ортидан 15 суткага қамалди