19:32 / 02.06.2024
38

Qatar Airways Ўзбекистонга мунтазам парвозларни бошлади

Qatar Airways Ўзбекистонга мунтазам парвозларни бошлади
Qatar Airways 2 июндан Доҳа—Тошкент—Доҳа йўналишида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйди.

Фото: Транспорт вазирлиги матбуот хизмати
Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, дастлабки босқичда ҳафтасига 4 марта — душанба, сешанба, пайшанба ва шанба кунлари парвозлар амалга оширилади. Кейинги босқичда эса рейслар ҳар куни қўйилиши режалаштирилган.

Фото: Транспорт вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Транспорт вазирлиги матбуот хизмати
2021 йилнинг июнида Ўзбекистон ва Қатар ҳукуматлари ўртасида “Ҳаво қатнови тўғрисида”ги битим имзоланиб, унда Доҳа—Тошкент—Доҳа йўналишида тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш кўзда тутилганди. Ўша йилнинг сентябрида авиакомпания Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларини амалга ошириш учун рухсатнома олди.

Доҳадан Тошкентга биринчи рейс 2022 йил 17 январь куни амалга оширилиши режалаштирилганди. Аммо парвозлар номаълум муддатга кечиктирилди.

2023 йилнинг июнида Қатарнинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳасан Ҳамза Асад Муҳаммад Ҳошим Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов билан учрашувда Qatar Airways Доҳа—Тошкент—Доҳа йўналишида авиақатновларни амалга ошириш бўйича компания ички тартибларини ишлаб чиқаётганини маълум қилди.

2024 йилнинг февралида Uzbekistan Airports биринчи парвоз 2024 йил 2 июнга белгиланганини эълон қилди.

Маълум қилинишича, бугун 2024 йил 2 июн куни соат 10:28 да Qatar Airways авиакомпаниясига тегишли Airbus 320 самолёти Доҳа аэропортидан ҳавога кўтарилган ва соат 13:30 да Тошкент аэропортига қўнган. Парвоз вақти 3 соатни ташкил қилган.

Таъкидланишича, Доҳа – Тошкент – Доҳа йўналиши бўйича йўловчи қатновлари ҳафтасига тўрт марта – душанба, чоршанба, жума ва якшанба кунлари Airbus 320 самолётларида амалга оширилади.

Qatar Airways авиакомпаниясининг шарқий ҳудудлар бўйича бош вице-президенти Марван Колейлат келгусида Доҳадан Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ҳам мунтазам парвозларни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилган.

Qatar Airways — бош қароргоҳи Доҳада жойлашган Қатар миллий авиакомпанияси. Авиакомпания дунё бўйлаб 170 дан ортиқ йўналишларга парвоз қилади. Ушбу авиакомпания кўплаб нуфузли мукофотларни қўлга киритган ва Skytrax томонидан етти марта дунёнинг энг яхши авиакомпанияси деб топилган.

Qatar Airways компанияси бош ижрочи директори Бадр Муҳаммад ал-Мийр Ўзбекистон ва Қатар ўртасида дўстона алоқаларни шакллантиришда давлатларни боғлаб турадиган авиақатновларни йўлга қўйиш жуда муҳим эканини айтганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Qatar Airways Ўзбекистонга мунтазам парвозларни бошлади