14:45 / 07.06.2024
1 494

Севинч Мўминова Шароф Муқимовнинг хиёнатлари ва марҳум қайнонасининг уйга сиғдирмагани ҳақида гапирди

Севинч Мўминова Шароф Муқимовнинг хиёнатлари ва марҳум қайнонасининг уйга сиғдирмагани ҳақида гапирди
Хонанда Севинч Мўминова “Laziza.shok.uz” YouTube каналига берган интервьюсида илк марта собиқ турмуш ўртоғи Шароф Муқимов билан ажрашишига нима сабаб бўлгани ҳамда марҳум қайнонаси билан муносабатлари ҳақида гапириб берди.

Севинч ва Шароф Муқимов
Фото: YouTube

Севинч аслида орадан бир неча йил ўтганидан сўнг оилавий ҳаёти ҳақида интервью беришга уни собиқ турмуш ўртоғининг интервьюларида унга тегизиб кетаётган гаплари сабаб бўлгани ҳақида гапирди.

Шароф аввалги интервьюларида “Бўлаверади, деб уйланмаслик керак экан” дебди. У эмас, аслида мен “Майли, бўлаверади”, деб турмушга чиққандим-ку. Тўйни тўхтатмоқчи бўлганим эсидан чиқиб қолибдими? Унаштирилгандик, тўйимиз аниқ эди, лекин бир кунда бир марта хабар олиб қўнғироқ қилмасди, мен билан қизиқмасди. Севмаслигини, меҳри йўқлигини ўша вақтдан сезардим. Чақириб, тўйни тўхтатмоқчилигимни айтганимда ҳам менга эмас, сенга ҳар хил гаплар келади, деганди. Фарқи йўқ, дедим. “Энди бахтимни топганимда мени ташлаб кетма”, деб йиғлади, содда бўлиб ўша кўз ёшларига ишонибман. Лекин бари сохта экан, — дейди хонанда.

Севинчнинг айтишича, қизини дунёга келтириб тўрт йил уйда ўтиргани ҳам собиқ турмуш ўртоғига малол келган.

Қизимни дунёга келтирганимдан кейин ишламадим, фарзандимни ўзим парваришладим. Харажатларнинг ярмини, коммунал тўловларни йиққан пулимдан мен кўтарардим, қизимизнинг керакли нарсаларини у оларди. Бу пайтда алоҳида уйга кўчиб ўтган эдик. Бир куни ёз фасли эди, кириб келиб, “Кондиционер тагида ётавермай, тур, ишлаб, болангни боқ”, деган гапни ҳам айтган. Бизни боқиш унга малол келиб қолганди. Ажрашиб, қайтиб келган опасини, ота-онасини боқарди, лекин бу эркаклик бурчи, миннат қилиш керакмас-ку?, — дейди Севинч.

Фото: YouTube
Севинч Мўминова оиласини сақлаб қолиш учун охиригача курашгани, ҳатто унинг хиёнатларига ҳам кўз юмгани ҳақида гапирди.

Ажрашишимизга сабабларни айтсам, бегона қизлар билан ёзишарди, исботларигача бор. Онамни кўргани Фарғонага 1 ҳафтага кетиб, қайтиб келганимда, уйдан аёллар упаси топганман, меники эмасди. Жанжал кўтармаганман, фақат сўраганман. “Дўстим клипга суратга тушганди, гримёрники чўнтагида қолиб кетган экан, шу тушиб қолган, шекилли”, деган. Гапига ишондим. Унга қаттиқ ишонардим, менга хиёнат қилиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмасдим.

Кейин ҳаммомдан бегона аёллар ички кийимини топиб олдим, шундан сўнг буткул ишончим йўқолди. Атайлаб ташлаб кетилган эди. Ҳеч ким унутиб қолдирадиган нарса эмас-ку бу. Бир қиз билан ҳам гаплашишини билиб қолганман. Шароф унга “Мабодо Севинч сенга қўнғироқ қилиб қолса, синглисиман, деб айтгин” деган экан. У қизга қўнғироқ қилганимда яшириб ҳам ўтирмай, “Ҳа, биз гаплашамиз” деб, менга Шарофнинг ўша гапларини скриншот қилиб юборганди. Мен шунда ҳам қизим учун у отасиз катта бўлмасин деб, бу ишларига кўз юмганман. Лекин кўнглим совиб бўлганди. Мен охирги нуқтагача оиламизни асраб қолишга ҳаракат қилганман. У эса қариндошларининг, ўртоқларининг гапига кирарди, ажрашишимизда уларнинг ҳам гапининг таъсири бўлган
.

Хонанда интервью давомида марҳум қайнонаси билан муносабатлари қандай бўлганига ҳам ойдинлик киритди.

Қайнонам бошида мени ёқтирарди, яхшиям водийдан келин қилган эканмиз, қўл-оёғи чаққон, ширинсўз экан, деб онамга қўнғироқ қилиб раҳмат ҳам айтган.

Билмайман, қандай қилиб мени ёмон кўриб қолди. Оилада қандай гап-сўз бўлса ҳам умуман гап қайтармаганман. Чунки онам мени шундай тарбиялаган. Бир марта гап қайтарганман. Унда ҳам “Бу уйдан кет, йўқол”, деб ҳайдаганида, “Йўқ, кетмайман, эрим кет, деса кетаман”, деганман. Шунда ҳам “эрим” деган сўзим ёқмаган. Жуда қаттиқ гап эшитганман.

Қайнонам биринчи ҳайдаши Москвага гастрол сафарига эр-хотин бирга кетаётганимизда бўлди. Сабаби аввалроқ қайнонамни огоҳлантирмаганимиз экан. Аслида мен айтайлик, деганимда, Шароф “Вақти келаверсин, айтамиз”, деб орқага сурганди. Кўчада кетаётганимизда унга қўнғироқ қилиб “Нега анави менга айтмади, бунақа келин керакмас менга. Уйга қадамини босмасин” деб бақир-чақир қилган. Ваҳоланки, улар менинг санъаткорлигимни билиб келин қилишганди. Яна мен уларга уй қуриб беришим керак эди. Аксинча, мен уларнинг тайёр уйига бориб яшашим керакмасмиди?
, — дейди хонанда.

Фото: YouTube
Севинч янги келинлик пайтида Шароф уни қаттиқ калтаклагани ҳақида ҳам гапирди.

Бир ойлик келинчак пайтимда қаттиқ дўппослаган. Уйга келаётганида қўнғироқ қилганим учун. Ёнида дўсти бўлган, келяпсизми деганимни эшитган ва “Хотинингни ҳозирдан қаттиқ ушла, эсини кирғизиб қўй, сендан қўрқиб турсин”, деб “маслаҳат” берган. Ярим кечаси уйга келиб дўппослаган, урмаган жойи қолмаган. Дод-вой овозини эшитиб ҳеч ким чиқмаган. Хўрлигим келиб, нарсаларимни йиғиштириб, кетаман, деганимда, яна кечирим сўраб олиб қолган.

Севинч қайнонасининг уйдан ҳайдаб юбориши ортидан бошқа уйга кўчиб чиққани, лекин барибир турмуши ўхшамагани ҳақида шундай дейди:

Турмушимизга 4 ой бўлганда онамникига Фарғонага борганмиз. Қайнонам қўнғироқ қилган, эшитмай қолганмиз. Кейин гаплашганимизда менга бундай келин керакмас, уйга қайтиб келмасин, деган. Нега келмаслигим керак, борганман. Фақат эрим “Кет” десагина кетаман, деганман. Уйда қайси хонага кирсам орқамдан кириб, ҳайдарди қайнонам. Жуда ёмон гаплар айтган, гап қайтармасдим. Охири бир қаттиқ айтган гапини деб кетганман. Шунда Шароф мени алоҳида уйга олиб чиққан. 4 йил ўша уйда онасидан беркитиб яшадим. Бир кун мен билан, бир кун онаси билан яшарди. Кейинчалик 4 кун онаси, 1 кун мен билан яшайдиган бўлди. Бу ҳаёт, ҳаёт эмасда. Қизим чақалоқлигида касал бўларди, ҳамма нарсасига ўзим югурардим. Ярим кечаси дорихона, шифохоналарга ўзим олиб борардим. Опаси ҳам укасини жуда қизғонарди, доим жанжал кўтарарди, хотинингни мендан кўпроқ яхши кўрасан, деб, — дейди хонанда.

Севинч қизи Лейла билан
Фото: Instagram

Алоҳида чиқиб кетдим ва 6 йилдан кейин қайнонам саратон касалига чалинди. Шундан кейин Шарофнинг муомаласи менга қаттиқ ўзгарди. “Бориб қарайми?”, деганимда йўқ, деди. Айтишларича, онасини мен касал қилиб, жонини олган эканман. Мен оиламизни сақлаб қолишга охиригача ҳаракат қилдим. Бошидан бошлайлик, деганимда ҳам, қариндошларим, дўстларим нима дейишади, деганди. Шундан кейин билганман бу одамнинг ўзининг фикри йўқлигини. Ҳозир ҳам менга турмуш қуриш таклифи билан кўп чиқишади, аммо қизимга чин оталик қила оладиган, мени доим ҳимоя қилиб, ёнимда турадиган инсон бўлсагина рози бўлишим мумкин, тақдир қилмаган бўлса, бунга ҳам розиман”, — дея сўзларини давом эттиради хонанда.

- Шароф Муқимов ва Севинч Мўминова 2010 йилда турмуш қурган, уларнинг тўйи катта шов-шувларга сабаб бўлган эди.
- 2011 йилда улар қиз фарзандли бўлганди.
- 2016 йилда улар қонунан ажрашгани маълум бўлди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Севинч Мўминова Шароф Муқимовнинг хиёнатлари ва марҳум қайнонасининг уйга сиғдирмагани ҳақида гапирди