00:33 / 17.06.2024
476

"Самарқанд" атамаси қандай пайдо бўлган ва у нимани англатади?

"Самарқанд" атамаси қандай пайдо бўлган ва у нимани англатади?
Фото: Google Images
"Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр" телеграм каналида Самарқанд шаҳри номининг келиб чиқиш тарихи ҳақида қизиқ маълумот эълон қилинди.

"Қадимги юнон манбаларида бу шаҳар Marakanda (Мараcанда), хитой манбаларида эса Кан ва Самоусзян (Катта шаҳар) шаклида қайд этилган. Суғд тилидаги манбаларда унинг номи "смаркану" шаклида қайд этилган.

Тарихий манбаларда Самарқанд шаҳрининг нима сабабдан бундай аталиши ҳақида турлича талқинлар мавжуд.
Абу Райҳон ал-Беруний ва Маҳмуд Кошғарий маълумотига кўра, бу шаҳарнинг номи қадимги туркий тиллардаги семиз ва канд сўзларидан иборат бўлиб, "семиз шаҳар", яъни "катта шаҳар" маъносини билдиради. Испан элчиси Руи Гонзалес де Клавихонинг ёзишича, Самарқанд (Самаркант) шаҳрида ҳамма нарса мўл-кўл бўлган. Шунинг учун уни Симескант (Симескант) – "бой қишлоқ" деб атаганлар.

Уларнинг тилида симес сўзи "катта", кант эса "қишлоқ" маъносини билдирган. Маҳмуд ибн Вали ва Хофизи Абруларнинг ёзишича, Самарқанд номи бу шаҳарга асос солган қадимги Яман подшоҳи Самар ибн Африқиш исмидан олинган. Абу Тоҳирхўжага кўра Самар исмли турк хонининг исми билан боғлиқ бўлиши мумкин. XIII асрда чизилган Европа хариталарида Хазар мамлакатида Самарча ёки Самарcан номли шаҳар қайд этилган. Ўрта асрларда Ғарбий Ўрол тоғ ёнбағирларида оқиб ўтган дарё ҳам Самар ёки Самур деб аталган.

Истахрий ҳам Самарқанднинг бир дарвозасида химёрий тилида "Самарқанддан Санъогача минг фарсах" деган ёзувни кўрганини айтади. Аммо исён юз бериб, дарвоза ёқиб юборилади ва дарвозани Абу Музаффар Муҳаммад ибн Луқмон ибн Наср ибн Аҳмад ибн Асад уни қайтадан ёзувсиз тиклайди.

"Тарихи табарий"да ёзилишича, Самар деган бир хон шаҳар солдиради. Бу шаҳарга энг аввал "қанд" номли турк қавми кириб ўрнашади. Шунинг учун шаҳар "Самарқанд" деб аталади. "Тарихи Балъамий"да Самарқанд этимологияси хусусида шундай маълумот бор: "Ба Хуросон омад ва аз он ҷо оҳанги Туркистон кард, ки ба замини Турк шавад ба ҳадди Чинистон, то ин писарро, ки Ҳассон фиристода буд, ёрӣ кунад. Шаммар ба Самарқанд омад. Ва он вақт Самарқандро аз Чинистон доштандӣ. Ва Самарқандро
ҳисорҳое устувор будӣ. Он ҳисорҳо бикушод ва бисёр бикушту шаҳр вайрон кард ва ба номи хеш кард. Ва пеш аз он номе дигар буд. Пас мардумон шаҳр обод карданд ва инро ба порсӣ Самарканд ном карданд. Ва "канд" ба забони турк "шаҳр" бувад. Ва чун ба арабӣ гардониданд, Самарқанд гуфтанд).

Бунинг мазмуни қуйидагича:

"Хуросонга келди ва у ердан Ҳассон юборган бу ўғилга ёрдам бериш мақсадида Туркистонга - Чинистонгача бўлган турк ерига йўналди. Шаммар Самарқандга келди. Самарқанд мустаҳкам қалъалардан эди. У қалъаларни забт этди ва кўп ўлдириб шаҳарни вайрон қилди. Унинг (Самарқанднинг) олдинги исми бошқача эди. Сўнг одамлар шаҳарни обод қилдилар ва бунга форсчада Самарканд деб ном бердилар. "Канд" туркчада "шаҳар" демакдир. Буни арабчага ўгириб, Самарқанд деб номладилар".

Демак, бундан хулоса шуки, Самарқанд туркча сўз бўлиб, бой, катта шаҳар маъноларини англатади", — дейилади телеграмдаги постда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Самарқанд" атамаси қандай пайдо бўлган ва у нимани англатади?