22:54 / 11.07.2024
667

Яшнободдаги мудҳиш қотиллик ҳақида нималар маълум?

Яшнободдаги мудҳиш қотиллик ҳақида нималар маълум?
9 июл куни Яшнобод тумани Яккатол кўчасида яшовчи 30 ёшли эркак ўзи билан яшаб келаётган бир аёлнинг 3 ёшли фарзандини пичоқлаб ўлдиргани хабар қилинганди. Ҳолат юзасидан Kun.uz жойига бориб, вазиятни ўрганишга уринди.

Кўп қаватли уйда яшовчиларнинг маълум қилишича, воқеа бир неча кун олдин кечаси соат 3 ларда содир бўлган. Аёл ва эркакнинг ўзаро жанжали ортидан, бола ўлдирилган.

Эшитишимча, балконда аёли бошқа одам билан телефонда гаплашаётган бўлган, эрининг рашки келганми, аёлнинг сочидан ушлаб, тортиб олиб кириб кетган. Кейин ичкарида жанжал, келишмовчилик бўлган.

Яна бир ён “подъезд”да яшовчи қўшнимизнинг айтишича, ичкарида бола талашилган. Ўртада 10-15 дақиқа атрофида жим бўлиб қолишган, кейин биттада “болам ўлиб қолди” деб бақир-чақир бошланиб кетган. Кейин аёл пастга усти-боши қон аҳволда, оёқ-кийимсиз югуриб чиққан, маҳалладан чиқишда чапга қараб кетган.

Эри орқасидан югуриб тушганда, қўшниларимиз тўхтатган. Нима бўлаётганини сўрашганда “мен буни Аллоҳ йўлида қилдим”, деган, шу билан шу ҳолат бўлган. Сўнг қўшниларимиз “102”га қўнғироқ қилишган, буни билган эркак чиқиндихонага қараб кетган. Кўп ўтмай уни қайтариб олиб келишган ва ҳибсга олинган
”, – дейди шу ерда яшовчилардан бири.

Унинг сўзларига кўра, гувоҳлар болага 12 марта пичоқ санчилганини айтишган.

[Гувоҳлар] жанжал бўлганидан кейин нима бўлаётганини билиш, ёрдам бериш мақсадида [хонадонга] кириб боришган, пичоқбозлик бўлганини билишмаган, ўзаро оилавий жанжал деб ўйлашган. Кейин ППС ходимлари келиб, эркакни ушлаган, тез ёрдам болани олиб кетган”, – дейди у.

Шу ерда яшовчилардан яна бирининг айтишича, аёл ва эркакнинг никоҳдан ўтгани бўйича ҳужжати бўлмаган. Улар бу хонадонни ижарага олиб яшай бошлаганига ҳали 1 ҳафта ҳам бўлмаган.

Ўзи бу ерга кўчишганига ҳеч қанча вақт бўлмади. Бундан олдин “А2 блок”да яшашарди. У ерда хонадон эгаси билан чиқиша олишмадими, нимадир бўлиб, чиқиб кетишганди. Бу ерга кўчишганига 1 ҳафта ҳам бўлмаганди. Кўчиб ўтишганидан кейин эр-хотин келиша олмаган. Бунинг аламини боладан олишган. Камерани кўтаришса, болани урганидан кейин чиқиб, балконда ўтириб, сигарет чекишган, кейин хотинининг сочидан юлиб ичкарига олиб кириб кетган. Шу билан жанжаллашишни давом эттиришган.

Хотини ташқарига чиқиб келганида, кўчада йиқилиб қолган, ҳамма ери қон бўлиб кетган. Уларнинг “ЗАГС”и бўлганмиди десак, бўлмаганини айтишди. Лекин нариги хонадонда яшаган вақтда уй эгасидан шуни сўраганимизда, у 100 фоиз “ЗАГС”дан ўтишганини, блогерлар эканини, ойига 500-700 доллар тўлаб туришини айтганди, ўша уйда ҳам анча жанжаллар бўлганди
”, – дейди у.

Гувоҳларга кўра, 3 ёшли боланинг отаси бошқа бўлган. Аёлнинг ундан ташқари яна бир катта фарзанди ҳам бўлган, уни турмуш ўртоғи ўз қарамоғига олган.

Жанжал бўлиб, эркак болани пичоқлагач, пастга югуриб чиққан ва уй яқинида жойлашган дўкон музлаткичининг занжирларини узиб, ундан сув олган. Дўкон эгаси ҳолат акс этган видеоёзувни Kun.uz мухбирига кўрсатди. Видеода, гумонланувчи ички кийимда, оёқ яланг, ҳамма ери қонга беланган ҳолда югуриб келиб, музлаткичнинг занжирини узгани кўринади. Кейин эса воқеа жойидан яширинган.

Ҳолат бўйича Яшнобод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Жароҳатланган аёлнинг қаерда экани маълум эмас. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Яшнободдаги мудҳиш қотиллик ҳақида нималар маълум?