19:00 / 16.07.2024
119

ИИВ Академиясига ўқишга киритиб қўйиш учун 22 минг доллар олган шахс ушланди

ИИВ Академиясига ўқишга киритиб қўйиш учун 22 минг доллар олган шахс ушланди
Фото: Видеодан кадр
Жойларда ОТМга ўқишга киритиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар фош этилди.

ДХХ ходимлари томонидан ИИВ билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган шахс Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида истиқомат қилувчи фуқарони ўзининг мансабдор танишлари орқали ИИВ Академиясига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 22 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда Қарши инновацион таълим университети мутахассиси 3 нафар фуқарони Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиалига мазкур олий таълим муассасасидаги танишлари орқали ҳар бирини 4 минг доллардан, жами 12 минг доллар эвазига 2-курсдан ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у 11 700 доллар олган вақтида қўлга олинган.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ҳам прокуратура органлари билан ҳамкорликда Чиноз туманида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган шахс Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида истиқомат қилувчи фуқарони Тошкент давлат педагогика университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 10 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 5 минг доллар олган вақтида ушланган.

Олмалиқ шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи эса ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқародан 3 500 доллар олган вақтида қўлга олинган.

Шунингдек, ДХХнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ҳамда департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса Урганч давлат университети декани Гурлан туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган фуқаронинг ишончига кириб, унинг қариндошини ижодий имтиҳонлардан ўтказиб бериш эвазига 2 600 доллар ва 2,5 млн сўм олган вақтида ушланган.

Бошқа ҳолатда Урганч ихтисослаштирилган санъат мактабининг бўлим бошлиғи Боғот туманида яшовчи фуқарога танишлари ёрдамида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтига ўқишга кириши учун йўлланма олиб бериш ва амалий имтиҳонда кўмаклашиш эвазига 4 минг доллар талаб қилади. Аммо у ҳам сўралган пул маблағини олган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ИИВ Академиясига ўқишга киритиб қўйиш учун 22 минг доллар олган шахс ушланди