16:48 / 25.07.2024
534

Ўзбекистонда жазирама иссиқ қанча давом этади?

Ўзбекистонда жазирама иссиқ қанча давом этади?
Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида 25–29 июль кунлари ҳаво ҳарорати 43 даражагача исийди. Мутахассислар таҳлилига кўра, бундай ҳарорат термик депрессия жараёнини келтириб чиқариши [url=https://daryo.uz/k/2024/07/25/ozbekistonda-jazirama-issiq-qancha-davom-etadi]мумкин.

Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти Ўзбекистонда июль ва август ойи бошларида аномал иссиқ ҳаво кузатилишини прогноз қилганди. Институт олимлари таҳлилида бундай ғайритабиий ҳарорат таъсирида минтақада термик депрессия (термал тушкунлик) вужудга келиши ҳам қайд этилган.

Термик депрессия ёзги синоптик жараён бўлиб, Марказий Осиёнинг жануби-шарқида паст босимли ҳудуднинг пайдо бўлиши, қуруқ жазирама иссиқ об-ҳаво билан тавсифланади. Бу даврда Марказий Осиё текислик ҳудудларида ҳаво ҳарорати 44–46 даражагача, баъзи ҳолларда 48 даражагача иссиқ бўлиши мумкин. Термик депрессиянинг давомийлиги 2–3 суткадан 5–7 суткагача, баъзи йилларда эса 1,5–2 ҳафтагача давом этиши кутилади”, дейилган 5 июнь кунги институт таҳлилида.

Олимлар фикрича, сўнгги пайтларда термик депрессия кузатилган даврда минтақа мамлакатларида қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда энергетик тизимда кучли зўриқишлар кузатилмоқда.

“Ўзгидромет” прогнозига кўра, 25–29 июль кунлари Ўзбекистон бўйлаб жуда иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Республика ҳудудининг катта қисмида (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан ташқари) ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 40–43 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда 44–45 даражагача кўтарилади.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов бугундан (25 июль куни) бошлаб жазирама иссиқликнинг биринчи босқич таъсирига ўтилиши ҳақида ёзди.

Тошкент, Самарқанд вилоятлари ва водий каби аҳоли зич истиқомат қилувчи ҳудудларда иссиқликнинг юқори таъсири 26–27 июль кунларига тўғри келади. Жорий иссиқлик тўлқини термик депрессия жараёни бўлиб, у жойларда тунларда ҳам ҳароратнинг юқори бўлиши, инсон ҳафсаласини пир қилувчи “дим” ҳамда тунги уйқуга сезиларли таъсир кўрсатувчи иқлимий муҳитни тақдим этади. Менимча, барча иқтисодиёт тармоқлари, масъул тузилмалар, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига иссиқлик тўлқинларини тармоқларга таъсирини камайтириш, унинг салбий оқибатларини олдини олишда зарур тавсияларини бериб ўтмоғи даркор”, деб ёзган мутахассис.

Скриншот: “Ўзгидромет”
“Ўзгидромет” сайтидаги сўнги маълумотларга кўра, 25 июль куни соат 14:00 ҳолатига энг иссиқ ҳаво ҳарорати Термиз шаҳрида кузатилмоқда — 42,2 даража. Шу билан бирга, Қарши, Бухоро, Навоий шаҳарларида 40,2 даража, Тошкент шаҳрида 39,1 даража иссиқ бўлмоқда.

Таҳлилларга кўра, об-ҳавонинг кескин исиб кетиши биринчи навбатда болалар, қариялар ва беморларга оғир таъсир қилади. Ҳатто соғлом одамлар ҳам баъзи қоидаларга риоя этишларига тўғри келади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига жазирама иссиқдан сақланиш қоидаларини эслатди. Қайд этилишича, соат 10:00 дан 17:00 гача салқин жойларда бўлиш, пахта матоли либослар ва бош кийим кийиш, қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиш мақсадга мувофиқ.

Кунига 3 литрдан кам бўлмаган миқдорда суюқлик ичиш зарур. Лекин газланган, энергетик ва алкоголь ичимликлар, қаҳва истеъмол қилмаслик керак. Ёғли, дудланган таомлар тановул қилмаслик, аксинча кўпроқ мева-сабзавотлар истеъмол қилиш тавсия этилади. Оч қоринга ёки овқат егандан сўнг дарҳол қуёш остида бўлмаслик тавсия этилади.

Кун давомида илиқ душ қабул қилиш, вақти-вақти билан баданни совуқ сувда намланган дастрўмол билан артиб туриш ҳам танани ҳаддан зиёд қизиб кетишдан сақлайди.

Ҳукумат қарорида иссиқ об–ҳаво майдан сентябргача бўлган даврда камида беш кун давомида 40 даража ва ундан юқори бўлган ҳарорат кўрсаткичи сифатида таърифланган. Ҳужжатда иссиқ об–ҳаво хавфли метеорологик ҳодиса экани келтирилган.

Аномал иссиқ об–ҳаво эса ўта хавфли метеорологик ҳодиса сифатида таснифланган.

Апрель ойидан сентябрь ойигача бўлган даврда беш ва ундан кўп кун давомида иқлимий меъёрдан 7 даража ва ундан юқори бўлган ўртача суткалик ҳаво ҳарорати кўрсаткичларига аномал иссиқ об–ҳаво дейилади”, –дея қайд этилган қарорда.

Аввалроқ Эркин Абдулаҳатов ҳозир инсоният 125 минг йиллик тарихидаги энг иссиқ даврни бошдан ўтказаётганини айтганди. Олим мавзуни таҳлил қилиб, Ўзбекистонда 2030 йилга бориб ҳаво ҳарорати доимгидан 2–2,5 даража, 2040 йилларда 4 даража, 2080 йилларда 6 даражагача кўтарилиши мумкинлигини таъкидлаган.

Саноат даврида яшаётганимиз, энергия ишлаб чиқараётганимиз туфайли атмосферага ҳаддан ташқари кўп газларни чиқаряпмиз. Иқлим ўзгаришида инсон омили асосий рол ўйнаяпти. Дунё мутахассисларининг 90 фоизи ҳозирги иқлим исишига антропоген (инсон таъсирида) омил сабаб содир бўляпти, деган фикрда”, — дея ҳолатни таҳлил қилган мутахассис.

Иқлимшунос иқлим ўзгаришига мослашиш учун ҳудудларда яшилликни кўпайтириш, сувдан тўғри фойдаланиш, ишлаб чиқариш соҳалари ва қайта ишлаш жараёнларида меъёрга амал қилиш муҳимлиги айтган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда жазирама иссиқ қанча давом этади?