10:14 / 23.08.2024
72

Диёра Келдиёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакили бўлди

Диёра Келдиёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакили бўлди
Фото: Instagram / Шаҳноза Мирзиёева
Диёра Келдиёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича махсус вакили этиб тайинланди. Бу ҳақда агентлик директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева маълум қилди.

Бугун биз Диёра Келдиёровани Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича махсус вакили этиб тайинлаш орқали Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очдик. Бу қарор қоғоздаги гап эмас, балки жамиятимиздаги чуқур ижобий ўзгаришлар рамзидир”, деб ёзди у Instagram’даги саҳифасида.

Фото: Instagram / Шаҳноза Мирзиёева

Фото: Instagram / Шаҳноза Мирзиёева
Унинг таъкидлашича, Диёранинг олимпиададаги ғалабаси илғор ўзгаришлар учун катализатор бўлиб, бутун дунёга Ўзбекистоннинг тенг имкониятлар ва ҳадсиз салоҳиятлар мамлакати эканини намойиш этади. Диёра дзюдо бўйича Марказий Осиё минтақасидаги илк Олимпия чемпиони сифатида ўз номини тарих саҳифасига ёзиб улгурди ва энди у бутун бир авлодни ортидан эргаштира олади.

Фото: Instagram / Шаҳноза Мирзиёева
Диёра замонавий ўзбек аёлининг серқирралиги — меҳрибон қиз, содиқ рафиқа, ҳурматга муносиб келин, шу билан бирга, мамлакатимизни жаҳон аренасида муваффақиятли намоён этаётган Олимпиада чемпиони тимсоли. Унинг махсус вакил сифатидаги янги вазифаси Ўзбекистондаги барча аёллар учун анъанавий оилавий қадриятларни сақлаган ҳолда исталган соҳада чўққига чиқиши мумкинлигига ўзига хос чорлов бўла олди”, дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари.
Шаҳноза Мирзиёева Диёранинг фаолияти мамлакатда гендер тенглигига эришишни тезлаштиришига, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги илғор давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашига ва бутун дунё аёлларини руҳлантиришига ишонч билдирди.

28 июль куни дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Диёра Келдиёрова -52 кг вазн тоифасида Париж Олимпиадасида ғолибликни қўлга киритганди. Диёра ўзбекистонлик дзюдочилар орасида биринчи бўлиб Олимпиада ғолибига айланди.

Шаҳноза Мирзиёева у билан учрашиб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда бир қанча лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Диёра Келдиёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакили бўлди