12:27 / 21.09.2016
11 051

Абдулла Орипов Ислом Каримовга атаб марсия ёзди

Абдулла Орипов Ислом Каримовга атаб марсия ёзди

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов 2 сентябрь куни вафот этган Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга атаб марсия ёзди. Шеър матни "Кун" нашрида ҳам эълон қилинган.

Бир хабар тарқалди,
Ярим тун эди,
Гўё ғам селига ботдим, йўқолдим.
Кимдир йўлбошчидан айрилдик деди,
Мен-чи, азиз дўстдан айрилиб қолдим.

Кимнинг хаёлига келмишдир ахир,
Бирдан қулаб тушса буюк бир чинор.
Алам бўғзимизда аччиқ ва тахир,
Бу ғамнинг на чеки на чегараси бор.

Кетди ногаҳонда айтмай бирор сўз,
Ҳижрон оловига барчани ташлаб.
Ўзбек осмонида сўнди чўнг юлдуз,
Катта-ю кичикнинг кўзини ёшлаб.

Биз — ноқис бандалар, ўйламай гоҳо,
Бошимиз силаган қўлни тишладик.
Юз йиллаб тескари айланди дунё,
Ўз эмас, ўзгалар учун ишладик.

Биз — ожиз бандалар, англамай туриб,
Бировнинг забонин санадик афзал.
Шу юрт даҳоларин билиб ва кўриб,
Бегона зотларга ясадик ҳайкал.

Босқин тепамизда турар эди зил,
Уни таг-тубидан бузмоқ шарт эди.
Асрий вайронанинг ўрнида дадил,
Янгича мамлакат тузмоқ шарт эди.

Фоний бу дунёнинг баланд-пастига,
Теран назар ташлаб ўтди бу Инсон.
Миллат қадри дея яшаб аслида,
Халқининг дардига бўлолди дармон.

Бугун жудолик бор гар қалбимизда,
Лекин ғурур яшар ҳавас қилгулик.
Абадият ўсди кўз олдимизда,
Шундоқ ёнимиздан ўтди Мангулик.

Абдулла Орипов,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Халқ шоири

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Абдулла Орипов Ислом Каримовга атаб марсия ёзди